Ҳар куни зарур, ҳаммага керак...
Ҳар куни зарур, ҳаммага керак...

 

Маълумки, парламентнинг 2019 йили шакллантирилган жорий қуйи палатаси ваколати 2024 йил охирида тугайди. Ҳозир юртимиз муҳим сиёсий жараён арафасида турибди. Сайлаш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир ватандошимизнинг ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлиги янада кучайган.

Сайлов нафақат сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар, балки одамларимиз учун ҳам синовдир. Чунки улар ўз ҳудудининг тараққиёти, муаммолари вакиллик органига, парламентга олиб чиқилиши, хоҳиш-истаклари амалга ошиши, қонунларда акс этиши учун шунга муносиб номзодни танлаши керак. Овоз бериш эса шунчаки сайлов бюллетенига махсус белгини қўйиш билан бўлмайди. Сиёсий партия томонидан кўрсатилган депутатликка номзоднинг ташаббускорлигини, фазилатларини ўрганиш, кузатиш баробарида сиёсий партиялар фаолиятидан ҳам хабардор бўлиш талаб этилади. Шунда кўплар орасидан муносиб ва энг яхши номзод сайланади, сиёсий партиялар фаолиятига ҳаққоний баҳо берилади.

2019 йилги ЎзХДП Сайловолди дастурида халқимизни ўйлантирган кўплаб долзарб масалалар ечими бўйича янги ва қатъий ташаббуслар ўрин олган эди. Масалан, аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш, кундалик истеъмол товар ва хизматлар нархларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш, қишлоқ одамларининг яшаш шароитини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланганди.

Хўш, улар қай даражада ижро этилди-ю, бунинг одамларга қандай нафи тегди? Бугун шу савол атрофида фикрлашамиз.

 

Ҳаётий эҳтиёжлар кафолати

Инсонлар фаровонлигини ўзида мужассам этадиган энг муҳим талаб ва кўрсаткичлардан бири – бу оила бюджетининг ҳажми ва таркибидир. Табиийки, ушбу кўрсаткич истеъмол бозорининг зарур товар ва ижтимоий хизматлар билан қанчалик тўлдирилгани ҳамда аҳолининг ундан фойдаланиш имкониятлари қай даражадалиги билан ўлчанади.

Шу сабабдан Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2019 йилги парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловдан сўнг эҳтиёжманд аҳоли қатламини кундалик зарур товар ва хизматлар билан таъминланиши ғоясини илгари сурган эди.

Келинг, дастлаб масаланинг долзарблигига қисқача изоҳ бериб ўтамиз. Сир эмас, бугун Ер юзида глобал иқлим ўзгаришлари жиддий хатарларни келтириб чиқармоқда. Табиий офатлар, сув танқислиги, қурғоқчилик, чўлланиш каби ҳолатлар биринчи галда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни қийинлаштириши табиий, албатта. Оқибатда дунё озиқ-овқат бозорларида нарх-наво кўтарилиши кузатилади, бу бизнинг мамлакатга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди.

Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича стратегик жиҳатдан мақсадли ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Натижада йилига 20 миллион тоннадан ортиқ мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Сўнгги йилларда эса 800 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш сиғимига эга бўлдик. Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти ҳисоботларида ҳам Ўзбекистонда кейинги йилларда бу борада эътирофга сазовор ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

Масалан, республикада озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, соҳага инвестиция маблағларини жалб қилиш ва экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,1 млрд. доллардан ошди.

Шунингдек, охирги уч йилда импорт ўрнини босувчи 75 турда 289,9 млн. доллар миқдоридаги озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, импорт ҳажми 7,4 фоизга камайди. Республикада озиқ-овқат саноати улуши 14 фоиздан 16,6 фоизга етди.

Натижада Ўзбекистон БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида “Минг йиллик ривожланиш мақсадлари”га эришгани учун махсус мукофотига сазовор бўлган дунёдаги 14 давлатдан бири сифатида эътироф этилди.

Аммо, очиғини айтиш керак, бу эҳтиёжларимиз учун кам. Демак, бу мамлакат иқтисодий хавфсизлиги муҳим таркибий қисми ҳисобланган озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, аҳолини кундалик зарур товар ва хизматлар билан таъминланиши борасидаги ишларни тизимли равишда такомиллаштириш лозимлигини кўрсатади.

 

Ижро ҳақида...

Айтиш керакки, биз юқорида тилга олган масалалар бўйича қўшимча чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 декабрдаги “Истеъмол бозорларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида назарда тутилган.

Ушбу масала юзасидан партия фракциясининг ишчи гуруҳи тузилди. У хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик эркинлиги тамойилларига зид бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёждаги бошқа товарларни ишлаб чиқариш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида давлат томонидан тартибга солиш чораларини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш бўйича илғор хорижий тажриба ҳамда мазкур масалалар бўйича универсал халқаро ҳужжатларнинг тавсиялари ва меъёрларини ўрганишни ташкиллаштирди.

Ўрганишлар якуни бўйича тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

 

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Товар ва хизматлар истеъмоли ҳаёт даражасини белгилаб берувчи омиллардандир. Статистик маълумотларга қараганда, юртимиз аҳолиси муттасил кўпайиб бораётганига қарамай, уларнинг реал даромадлари, айниқса, охирги 5-6 йилда катта ўсиш тенденциясини кўрсатмоқда.

Бугун кўплаб мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлиги жиддий муаммога айланмоқда. Давлатимизнинг хавфсиз, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш салоҳиятини оширишга эътибори катта экани мақсадга мувофиқ, албатта. Президентимизнинг 2022 йил 31 майдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони доирасида асосий турдаги озиқ-овқат ва зарур маҳсулотлар нархлари асоссиз оширилмаслиги бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда. Мазкур масалалар ҳар йили қабул қилинадиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонунлар доирасида ҳуқуқий тартибга солинади. Ушбу қонунларни муҳокама қилишда партиямиз фракцияси фаол иштирок этмоқда.

Шунингдек, фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарларга эҳтиёжини қондириш механизмлари “Аҳолини айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга доир чоралар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунларда ҳам белгилаб берилди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг стратегик мақсади — мамлакат аҳолисини хавфсиз, сифатли, арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан ҳозирги ва истиқболдаги истеъмол эҳтиёжлари, рацион меъёрлари даражасида таъминлаш, шунингдек, жамиятда соғлом овқатланишни тарғиб қилишдан иборат.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 1 апрелда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва уларни экспорт қилувчи тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 1 апрелдан бошлаб, мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 10 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмай, тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмайдиган тизим жорий қилинди.

2026 йил 1 январга қадар маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб, фақат маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга сотиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилди.

 

Товар ва хизматлар мақбуллиги

Товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги тенглик муҳити ва тенг имкониятлар яратади. Ижтимоий ҳимоя тушунчаси нафақат ижтимоий ёрдам ва нафақалар билан таъминлашни, шу билан бирга ижтимоий хизматлар кўрсатиш тизимини изчил ривожлантиришни ҳам қамраб олади. Халқ демократик партияси ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур эҳтиёжлари, товар ва хизматлар мақбуллиги реал ҳаётда кафолатланишини истайди. Шунинг учун ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматларнинг нархлари ҳамда рўйхатини белгилаш давлат томонидан тартибга солинишини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш бўйича таклифлар киритган эди.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– Президентнинг 2023 йилдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2024 йил 1 январгача 35 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига импорт божлари ноль ставкада белгиланди. Натижада божхона имтиёзлари асосида импорт қилинган 36 турдаги товарларнинг 24 тури бўйича улгуржи нархларнинг пасайиши кузатилди.

Бундан ташқари, 2023 йилнинг 1 майидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган фуқароларнинг мол, қўй ва парранда гўшти, тухум, ўсимлик ёғи, ун, шакар, дори воситалари ва тиббий хизматлар учун қилган харажатларига қўшилган қиймат солиғи қайтарилиши тизими жорий қилинди. Натижада 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилди.

Бу ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатлари учун айни муддао бўлди.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2023 йил 15 октябрдан бошлаб «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар кўрсатадиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар рўйхати тасдиқланди.

Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бор шахслар ҳар ойда 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва 4 турдаги гигиена товарлари билан бепул таъминланиши йўлга қўйилгани ҳам партиямиз ғояларига ҳамоҳангдир.

2024 йил 1 майдан реестрга киритилган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойлик уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена товарлари учун қўшимча пул тўловлари ўрнига ҳар ойда минимал истеъмол харажатлари миқдорида моддий ёрдам жорий этилди.

2024 йил 1 мартдан ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил ҳаракатланиш ва мўлжал олиш имконияти чекланган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг “соатбай” асосда ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун мослашувчан иш тартиби жорий этилди.

Бозор иқтисодиёти даврида товар ва хизматлар нархларини назорат қилиш бироз мушкул, албатта. Шунга қарамай, нарх ва тарифлар устидан давлат ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Қанчалар қийин бўлмасин, томонлар масъулиятини ошириш, меъёрни сақлаш борасида қатъий назорат ўрнатилмоқда.

Шунингдек, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракция аъзолари, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари, ҳамда ҳудудий партия ташкилотлари “Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” порталида жамоатчилик муҳокамасида иштирок этишди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, кам таъминланган оилалар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва кундалик эҳтиёждаги товарларни арзон нархларда сотадиган ижтимоий дўконлар тармоғини ривожлантириш тараққий этган мамлакатларда энг кенг тарқалган хайрия фаолиятларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан ҳозирги кунда тегишли қонунчилик ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

 

***

Дарҳақиқат, бозорларда тўкинлик ва арзончилик бўлиши, кундалик зарур товар ва хизматлар нархлари ҳамда тарифлари белгиланган меъёрлардан ошиб кетмаслигини назорат қилиш тизими яхши йўлга қўйилгани инсонпарварлик тамойили асосида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг яна бир амалий натижаси, десак янглишмаймиз.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳар бир инсоннинг ҳаётий эҳтиёжлари кафолатли таъминланиши тарафдори сифатида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламнинг кундалик зарур товар ва хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини, жамиятда ижтимоий тенглик ва барқарорлик бардавом этишини устувор мақсад, деб билади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

«Ўзбекистон овози», 28.08.2023, №34-35

 

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2019 Сайлов Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш