Ёмон солиқ тўловчи эмасмиз!
Ёмон солиқ тўловчи эмасмиз!

 

Шу кунларда ўзбек халқининг ёмон солиқ тўловчи экани, имкон қадар солиқларни тўлашдан қочишга уриниши ҳақидаги иддаолар муҳокама қилинмоқда, ҳақли эътирозлар билдирилмоқда.

Биринчидан, бутун халқни ўта қўрс, кесатиқ, мазах оҳангида маломат қилиш касб этикасига мутлақо тўғри келмайди ва бу профессионализмдан йироқ ҳаракат.

Иккинчидан, турли йўллар билан солиқ тўлашдан бўйин товловчилар бор, уларга қарши қаттиқ курашилмоқда, солиқ тизими автоматлаштирилмоқда, бироқ бутун ўзбек халқи ёмон солиқ тўловчи эмас!

Унутмаслик керакки, мамлакат бюджети фуқароларнинг турли тўловлари орқали ҳам шаклланади. Асосий манбалар солиқлар, божхона йиғимлари ва бошқа тўловлардир.

 

Фуқароларнинг бюджетдаги улуши нималарда кўринади?

Даромад солиғи: иш ҳақи ва бошқа даромадлардан тўланадиган солиқ.

Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС): товар ва хизматларни сотиб олганда тўланадиган солиқ.

Мулк солиғи: кўчмас мулкка эгалик қилганлик учун тўланадиган солиқ.

Акциз солиғи: алкоголь, тамаки маҳсулотлари ва бошқа акциз товарлар учун тўланадиган солиқ.

Ижтимоий тўловлар: пенсия ва бошқа ижтимоий хизматлар учун тўланадиган тўловлар.

 

Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи озиқ-овқат маҳсулотлари нархида ҳам мавжуд бўлиб, уни истеъмолчи маҳсулотни харид қилганда тўлайди.

Бу солиқлар давлат бюджетини тўлдиришга хизмат қилади ва бюджетдан ижтимоий, иқтисодий, маъмурий лойиҳаларга маблағ ажратилади. Демакки, ҳар бир ўзбекистонлик, қаердадир ишлаши ёки ишламаслигидан қатъи назар, фаол солиқ тўловчидир ва фуқаролик жамиятининг ўз овозига эга аъзоси сифатида ҳисоб сўрашга ҳақли.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш