Халқ демократик партиясининг XIV Қурултойи бўлиб ўтди

 

2024 йил 6 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIV Қурултойи бўлиб ўтди. Партия аъзолари томонидан ҳудудлардан сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этган қурултойда Халқ демократик партиясининг сайловда қатнашиши ва янги Сайловолди дастури тўғрисидаги муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда партиянинг муносиб ва фаол иштирокини таъминлаш борасидаги долзарб вазифалар тўғрисида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов маъруза қилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг 2019-2024 йиллардаги фаолияти юзасидан тайёрланган ҳисоботлар қурултойда атрофлича муҳокама этилди. Партия 82 банддан иборат мақсадларни белгилаб олган бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг 70 дан ортиғи амалга ошган.

Қурултойда таъкидланганидек, айнан Халқ демократик партияси ташаббуси ва таклифлари билан минимал истеъмол харажатларини эълон қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Пенсиялар, нафақалар ва бошқа турдаги ижтимоий ёрдамнинг миқдорлари ундан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Шунингдек, аҳолининг кам даромадли қатлами учун қурилаётган арзон уй-жойлар сони кўпайтирилди, ушбу соҳада имтиёзли ипотека кредити ажратиш амалиёти такомиллаштирилди. Уй-жой олишни субсидиялаш тизими йўлга қўйилиши натижасида ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 250 минг оила бошпанали бўлди.

Қурултойда партия Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар чуқур ва танқидий-таҳлилий муҳокама этилди. Партиянинг 2019-2024 йилларга мўлжалланган дастури самарали амалга ошаётгани таъкидланди.

Шундан сўнг Халқ демократик партиясининг бу йилги сайловда иштироки билан боғлиқ энг муҳим масалалар кўриб чиқилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар муносабати билан 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги Сайловолди дастури делегатлар эътиборига тақдим этилди.

Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган 10 та йўналиш, 15 қадамни ўзида мужассам этган 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда.

Хусусан, дастурнинг ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича адолатли давлат пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш, аҳолида дорига қарамликни камайтириш, мактабларда чет тиллар ва IT ўқув соатларини кескин кўпайтириш, ўзини банд қилганлар учун шарт-шароитларни яхшилаш, улуш киритиш асосида уй-жой қурилаётганда харидорларни кафолатли ҳимоя қилиш бўйича ечимлар таклиф этилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш йўналишида эса давлат бюджети ҳисобидан қимматбаҳо совғалар ҳадя қилишни тақиқлаш, бюджет маблағларини самарасиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш, соҳавий назорат органларига республика ҳокимият органларининг таъсирини камайтириш билан боғлиқ таклифлар делегатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Партия янги дастурида шунингдек, давлат ва жамият қурилиши йўналишида ҳам қатор ташаббуслар жой олган.

Партиянинг устувор мақсад, ғоялари ҳамда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли манфаатлари билан боғлиқ таклифлар жой олганини ҳисобга олиб, қурултой делегатлари Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурини тасдиқлади.

Қурултойда сайлов ҳар бир партия учун кенг имконият ва албатта катта масъулиятлиги, айниқса, бу йилги янгича, аралаш тизимда ўтадиган сайловлардан халқимизнинг умиди катталиги таъкидланди. Шу боис, Халқ демократик партияси парламент қуйи палатаси депутатлигига номзодлар илгари суриш масаласига улкан масъулият билан ёндошганлиги айтиб ўтилди.

Қурултойда партия Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов учун ташкил этилган бир мандатлик 75 та округдан 75 нафар номзод илгари сурди, шунингдек, пропорционал тизим бўйича 100 кишилик партиявий рўйхат ҳам таклиф этилди.

Номзодларнинг 47,4 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 8 фоизини ҳуқуқшунослар, 13 фоизини иқтисодчи, 6 фоизини муҳандис, 9 фоизини тиббиёт, 31,4 фоизини педагоглар, 32,6 фоизини бошқа соҳа вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 18 нафарида фан номзоди (PhD) ва 15 нафарида фан доктори (DSc) илмий даражаси мавжуд.

Делегатлар номзодларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги тажрибаси, турли соҳалардаги фидойи меҳнати, юқори малакали мутахассис, партиянинг асосий ғояси ҳуқуқ ва имкониятлар тенглиги учун кураша оладиган шахслар эканини қайд этиб, депутатликка номзодларни қўллаб-қувватлаш ҳақида якдил қарор қабул қилишди.

Қурултойда Халқ демократик партиясининг парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловда фаол иштирок этиши, юқори натижаларга эришиши йўлида муҳим қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

 

 

 

 

 

Теглар

Қурултой Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш