Халқ демократик партияси ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган ташаббусни илгари сурмоқда
Халқ демократик партияси ҳаётий муҳим аҳамиятга эга бўлган ташаббусни илгари сурмоқда

 

Инсоннинг ўз бошпанаси, уй-жойига эга бўлиши ҳаётининг тинч ва осойишталигида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимизда кейинги йилларда жадаллашиб бораётган кенг кўламли тураржойлар қурилиши натижасида юз минглаб оилалар уй-жой билан таъминланди.

Бироқ, бу жараёнда қурувчи компаниялар томонидан сифатсиз бино қурилиши ёхуд қурилиш муддатларининг кечикиши, айрим ҳолларда эса мажбуриятлар умуман бажарилмаслиги ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

Мисол учун, ўтган йили пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олиш бўйича шартнома тузган ҳамда бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай қурилиш ишлари ҳали бошланмаганидан шикоят қилган фуқаролар мурожаати ижтимоий тармоқларда кенг тарқаган эди. Кейинчалик бу масала юзасидан ҳукумат комиссияси тузилди. Қурувчи компаниядаги мансабдор шахсларнинг фирибгарлигидан Иззат кўчасида қурилаётган ва қурилиши мўлжалланган бошқа уйлар бўйича жами 2668 нафар фуқарода муаммобанд масалалар юзага келган. 1513 та хонадондан 1409 таси бўйича фуқаролар билан шартномалар тузилган бўлиб, атиги 260 нафар фуқарога кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган холос. Қолган 1162 та хонадон муаммоли бўлган.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Шу боис, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида улуш киритиш асосида уй-жой қурилаётганда уй-жой учун қилинган тўлов уй-жой битганидан кейин тўланадиган тизимга ўтиш (escrow) ташаббуси илгари сурилди.

Таклиф этилаётган тизимга мувофиқ, уй-жойни сотиб олувчи ўз пулларини махсус банк ҳисобварағида (escrow ҳисобварағи) сақлайди. Escrow ҳисобварағи улуш киритувчи фуқароларнинг пуллари сақланадиган банк ҳисобварағи бўлиб, харидор уй-жой учун пулни тўғридан-тўғри сотувчига ўтказмайди, балки уй-жой қурувчи компания бошқара олмайдиган ҳисоб рақамига ўтказади. Бу ҳисоб рақамидан фойдаланиш имкони уй-жой қурувчи компанияда мавжуд бўлмайди, демак, токи уй-жой битмагунича компания пулни сарф қила олмайди.

Escrowнинг моҳияти шундаки, қурувчи компания уй-жойни тўлиқ харидорга топширмагунча пулни ололмайди. Шундай қилиб, қурувчи компаниянинг банкротлиги ёки фирибгарлиги туфайли пул йўқотиш хавфи камаяди, алданган улушдорлар муаммоси ҳал қилинади. Шу билан бирга, қурувчи компания қурилиш учун пулни улушдорлардан эмас, балки банкдан олади.

ХДПнинг улуш киритиш асосида уй-жой қурилаётганда уй-жой учун қилинган тўловни уй-жой битганидан кейин тўлаш тизимига ўтиш (escrow) таклифи амалга оширилса фуқароларимиз уй-жой сотиб олишда турли фирибгарлик ва найранглар қурбони бўлмаслиги таъминланади.

Бундан ташқари, қурувчи компанияларнинг ҳам ўз мажбуриятларини вақтида ва сифатли бажариш бўйича масъулияти ошади.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш