Мамлакатимизда аҳолининг турли қатламларини, хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш долзарб масалалардан ҳисобланади.
Шу мақсадда, Ўзбекистон ХДП томонидан илгари сурилаётган Ижтимоий кодексни ишлаб чиқиш ва унда имтиёзларга эга бўлган фуқаролардан ташқари бошқа оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган фуқаролар тоифаларини ҳамда уларга кўрсатиладиган ёрдам турларини аниқ белгилаш ташаббуси кўпгина муаммоларнинг олдини олиш баробарида мавжуд долзарб масалаларга муносиб ечим ҳам бўлади, деб ҳисоблаймиз.
Партиямиз ташаббуси билан Ижтимоий кодекснинг қабул қилиниши аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳисобга оладиган ягона ижтимоий таъминот тизимини шакллантиришга ёрдам беради.
Бу, айниқса, иқтисодий инқирозлар даврида, фуқаролар турли қийинчиликларга дуч келган ҳолатда муҳим аҳамият касб этади.
Бу борадаги хориж тажрибасига назар ташланса, Германия, Франция, Австрия, Қозоғистон ва Туркманистонда Ижтимоий кодекс мавжудлиги аён бўлади. Шунингдек, Ижтимоий кодекс Россия Федерациясининг 7 та субъектида, яъни Белгород, Волгоград, Омск, Ярославль, Ленинград ва Астрахан вилоятларида ҳамда Санкт-Петербургда амал қилади.
Мамлакатимизда бундай ҳужжатнинг қабул қилиниши ижтимоий нафақаларнинг янада адолатли тақсимланишини таъминлаш, жамиятда ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Бу эса, ўз навбатида, бюрократик тўсиқларга ҳамда коррупция ҳолатларига чек қўяди, ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларнинг оғирини енгил қилиши асносида уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.
Ф.Усарова,
Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи методик маркази директори в.б., т.ф.д.