Суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жамиятда адолатни таъминлаш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Шу мақсадда, Ўзбекистон ХДП жаҳон тажрибасига таянган ҳолда. суд жараёнларида ҳакамлар ҳайъати (jury system) институтини жорий қилиш таклифини билдирмоқда. Бу институт суд жараёнида очиқлик ва адолатни таъминлашда халқ маслаҳатчиларига нисбатан анча самаралидир.
Хорижий давлатларни қарайдиган бўлсак, АҚШ, Буюк Британия, Канада, Австралия, Германия, Франция Япония ва Белгияда каби давлатларда ҳакамлар ҳайъати институти мавжуд.
Халқ маслаҳатчилари ва ҳакамлар ҳайъати институтининг қатор фарқли жиҳатлари мавжуд. Ҳозирги амалиётда халқ маслаҳатчиларининг роли суд қарорига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмайди. Одатда, халқ маслаҳатчилари фақат маслаҳат бериш ҳуқуқига эга бўлиб, якуний қарор судья томонидан қабул қилинади.
Ҳакамлар ҳайъати институти эса, суд жараёнида фуқароларнинг фаол иштироки ва суд қарорини қабул қилишда уларнинг бевосита иштирокини таъминлайди. Бу тизимда ҳайъат аъзолари суд қарорига таъсир ўтказади, яъни суд ишида айбдорлик ёки айбсизликни аниқлаш бўйича мустақил қарор қабул қиладилар. Ҳакамлар ҳайъати, асосан, оғир, жамоатчилик эътиборига тушган шов-шувли жиноят ишларини кўриб чиқишда самарали ҳисобланади.
Суд жараёнида ҳакамлар ҳайъати институтини жорий қилишнинг қуйидаги афзалликлари мавжуд:
- суд жараёнига турли ижтимоий қатлам вакиллари жалб этилади, бу эса турли нуқтаи назарларни ҳисобга олиб, суд қарорида адолатли ёндашувни таъминлашга ёрдам беради;
- суд ҳокимияти шаффофлиги ошади ва жамоатчилик назорати кучаяди.
- ҳакамлар ҳайъати институти жамоатчилик эътиборига тушган жиноят ишларида адолатли ва объектив қарорлар қабул қилиш имкониятини яратади.
Шу билан бирга, мазкур институтини жорий қилиш учун аввало суднинг моддий-техник базасини такомиллаштириш ва қўшимча молиявий ресурслар ажратиш зарур. Фуқароларни ҳакам сифатида танлаш ва тайёрлаш жараёнлари ҳам ҳам тўғри ташкил этилиши лозим.
Ҳайъат аъзолари баъзи ҳолларда жамоатчилик фикри ёки оммавий ахборот воситаларининг босимига тушиб қолиши уларнинг қарорларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Умуман олганда, партиямизнинг одил судловни амалга оширишда халқ маслаҳатчилари ўрнига ҳакамлар ҳайъати институтини жорий қилиш таклифи суд жараёнларида адолатни таъминлаш ва халқнинг суд тизимига бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.