Қашқадарёлик ХДП номзодлари сайловчилар ҳузурида

 

Ҳар бир фуқаронинг турмуш шароити ва сифатини юқори даражага чиқариш, аҳоли ўртасида истеъмол харажатларида кескин фарқ бўлишига, яъни табақаланишга йўл қўймаслик, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга давлат томонидан ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш қадриятларига содиқлик позициясини намоён этиб келаётган Халқ демократик партияси шу кунларда сайловолди ташвиқот тадбирларини фаоллик билан олиб бормоқда. Ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларда, ижтимоий муассасаларда, маданий-маърифий масканларда электорат вакиллари билан учрашувлар ўтказиляпти. 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбирнинг аҳамияти, аралаш сайлов тизими ва партиянинг янги Сайловолди дастури ҳамда депутатликка номзодлар ҳақида турли шаклдаги тарқатма материаллари улашилмоқда.

Сайловолди ташвиқоти доирасидаги учрашувлардан навбатдагиси Қарши шаҳридаги “Нуронийлар маскани”да ташкил қилинди. Унда ибратли умр йўлини босиб ўтган ва жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳасида фаоллик кўрсатиб келаётган партия томонидан депутатликка кўрсатилган номзодлар 63-сайлов округидан Фармонов Жасур Бойқарович, 65-сайлов округидан Алиханова Малика Боймуродовна, 68-сайлов округидан Ҳамраева Сайёра Насимовна, 66-сайлов округидан Алиқулова Нигора Абдумуратовна шижоат ва тетикликда ёшларга ўрнак бўлгулик кекса ёшдаги инсонлар, шунингдек, турли соҳа вакиллари билан юзма-юз мулоқотда бўлди.

Партиянинг дастурий мақсадлари, табиийки, келгуси беш йилга мўлжалланган Сайловолди дастуридаги юзта ташаббус мазмун-моҳияти тадбир кун тартибидан ўрин олди. Аҳолининг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд қатламлари, жумладан, кексаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда ролини ошириш, уларга ижтимоий хизмат кўрсатишни давр талаблари асосида ривожлантириш билан боғлиқ таклиф-ғояларга батафсил тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли турмуш сифатининг яхшиланаётгани, малакали тиббий хизмат кўлами ва бошқа қатор омиллар сабаб 60 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Статистикага кўра, шу йил бошида доимий аҳоли таркибида 60 ёшдан катта инсонлар сони қарийб 3 ярим миллион кишига, ўртача умр кўриш давомийлиги 74,4 ёшга етди. Шу нуқтаи назардан ХДП ўз Сайловолди дастурида пенсия таъминотини такомиллаштириш учун халқчил ва халқчил ғояларни таклиф қилаётгани эътирофга лойиқ жиҳатдир. Хусусан, пенсияга чиқиб, камида беш йил ишлаб, даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаган пенсионерлар учун муқаддам тайинланган пенсияни қайта ҳисоблаб, оширилган миқдорда тайинлаш имкониятини бериш, юз ёшдан ошган нуронийларимиз учун “13-пенсия” тизимини жорий этиш ижтимоий ҳимояталаб инсонларга жуда катта мадад бўлиб, халқимизда ислоҳотлардан розилик ҳиссини оширишга олиб келади. Ҳозирда амалда бўлган пенсия ёшини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш, ёлғиз кексалар учун хосписларни кўпайтириш ва бунинг қонунчилик асосини мустаҳкамлаш, фаол қариш бўйича стратегияни жорий этиш ташаббуслари ҳам ҳаётий заруратдир. Буларнинг бари пировардида кексаларимизнинг ҳаёт даражаси яхшиланиши ва ижтимоий фаоллиги ортишига туртки беради.

Учрашувда иштирокчилар депутатликка ХДПдан кўрсатилган номзодларнинг дастури юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш