Электорат вакилларига партия ғоялари тушунтирилмоқда

 

Бугун Тошкент кимё технологиялари университети Шаҳрисабз филиали (Қашқадарё вилояти)да Ўзбекистон Халқ демократик партияси раҳбарларининг асосий электорат қатлами вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. Сайловолди ташвиқоти муносабати билан ўтказилган йиғилишда бюджет ва хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари, журналист ва блогерлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад жорий йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларнинг аввалги сайловлардан фарқли жиҳатлари ва ўзига хослиги, Халқ демократик партиясининг сайловолди платформаси, жумладан, партиядан депутатликка номзод сифатида кўрсатилганларнинг сайловолди дастурлари билан таништиришдир.

Йиғилишда маърузачилар стратегик аҳамиятга эга компаниялар устидан давлат назоратини сақлаб қолиш; уларни хусусийлаштиришни қонун даражасида тақиқлаш, вазирлик ва идоралар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш ёки жарима солиш натижасида тушадиган барча тушумларни тўлиқлигича давлат бюджетига йўналтириш; ўзини ўзи банд қилганлар ва меҳнат мигрантлари учун шарт-шароитларни яхшилаш, шу жумладан, ўзини ўзи банд қилган сифатида шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш, ташкиллаштирилган ва тартибли миграцияни амалга оширишга урғу бериш масалалари хусусида сўз юритди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон Республикаси “ижтимоий давлат” экани қатъий мустаҳкамланди. Бу йўналишда белгиланган чора-тадбирлар кўп жиҳатдан Халқ демократик партиясининг дастури ҳамда мақсад ва вазифаларига ҳар томонлама мос келади. Жумладан, кам таъминланган, ногиронлиги бор фуқаролар, қаровчисиз қолган якка-ёлғиз қариялар манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш масалаларининг қонун ҳужжатларида мустаҳкамланишига эришиш партия илгари сурган ғояларга ҳамоҳанг ва уйғундир.

Партия ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароити яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсат юритиш ғояларини тарғиб қилади.

Давлатнинг иқтисодиётдаги фаол иштироки, ижтимоий неъматларнинг тенг тақсимоти, ишлаб чиқаришда умумий мулк устуворлигини таъминлашдан иборат ғояларни илгари суради. Давлат бошқаруви соҳасидаги ғояларида ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилигига асосланган очиқ, шаффоф, халқчил ва демократик давлат бошқаруви тизимини жорий этиш тарафдори.

Партия қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш асосида фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича суд механизмларининг мақбуллигини таъминлаш, ҳуқуқ, мажбурият ва имкониятлар тенглигига қатъий амал қилиш ғояларини илгари суради.

Учрашувда ана шулар ҳақида сўз борар экан, бўлиб ўтадиган янги усулдаги сайловнинг мазмуни, фуқароларнинг ҳаётидаги тутган ўрни ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, электорат вакиллари тинглаб, олган хулосалари асосида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш