“Мақсадимиз – таълим ваучери тизимини жорий этиш!”
“Мақсадимиз – таълим ваучери тизимини жорий этиш!”

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг таълим олиш танловини кенгайтириш, рақобатни кучайтириш ҳамда соҳада сифатни ошириш воситаси сифатида олий таълимда таълим ваучери тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифи бир қатор долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган.

Таълим ваучери тизимини жорий этиш талабаларга ўз хоҳиш-истаклари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасасини танлаш ҳамда сифатли таълим олиш имкониятини тақдим этади.

Шу билан бирга, мазкур тизим олий таълим муассасалари ўртасидаги рақобатнинг кучайиши ҳамда таълим хизматлари сифатини ошириш нуқтаи назаридан муҳим рағбат бўлади. Олий таълим муассасалари талабаларни кўпроқ жалб этиш асносида ўз дастурларини такомиллаштиришга, замонавий ўқитиш услублари ва замонавий технологияларини амалда жорий этишга ҳамда таълим инфратузилмасини ривожлантиришга мажбур бўлади.

Бунинг яна бир ижобий жиҳати шундаки, ўқувчиларда таълим даражасини фарқлаш, уларнинг индивидуал эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳисобга олиш имконияти яратилади. Ҳар бир талаба ўз билимига ўзи хоҳлаганча сармоя кирита олади, бу эса келажакда янада малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг асосий динамикасини белгилашга хизмат қилади.

Бундан ташқари, чуқурлаштирилган таълим олиб бориладиган магистратурада таълим ваучерларини жорий этишнинг истиқболли кўринишлари мавжуд бўлиб, ривожланган давлатларда бундай тажрибанинг кенг қўлланилиши молиявий ресурсларни тўғри ва адолатли йўналтиришга боғлиқлиги билан изоҳланади.

Мухтасар қилиб айтганда, таълим ваучерларининг жорий этилиши талабалар ва бутун жамият эҳтиёжларига йўналтирилган янада мослашувчан ҳамда самарали олий таълим тизимини яратиш йўлида ташланган муҳим қадам бўлади.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш