Халқ демократик партияси етакчилари 2024 йил 11 октябрь куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги санъат саройи майдонида очиқ осмон остида 1000 нафарга яқин сайловчилар билан оммавий тадбир, юзма-юз учрашув ўтказди.
Кўтаринки руҳда бошланган оммавий тадбирда Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов ва бир гуруҳ фаоллар партия Сайловолди дастуридан ўрин олган ғоя ва ташаббусларнинг мазмуни, улар нимага хизмат қилишини содда ва равон тилда тушунтириб беришди.
Партиянинг асосий мақсади ҳар бир инсон учун муносиб шароит яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, барқарор даромад манбаи билан кафолатлаш экани қайд этилди.
Сайловолди дастурида 15 қадамни ўз ичига олган 150 дан ортиқ янги ғоя ва ташаббуслар илгари сурилаётгани ҳақида айтилиб, айримлари ҳақида кенгроқ маълумот берилди.
Хусусан, партия ҳар бир шахснинг Конституция билан кафолатланган ижтимоий ҳуқуқларини самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ижтимоий кодексни қабул қилишга эришмоқчидир. Бу ҳужжат ижтимоий соҳадаги қонунчиликни ягона тизимга келтиришга хизмат қилади ҳамда ижтимоий ёрдам ва нафақаларнинг янада адолатли тақсимланишига, жамиятда барқарорликни мустаҳкамлаш учун асос бўлади.
Шунингдек, партия ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари учун муҳим ҳисобланган “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги қонунни қабул қилишга интиламиз. Бу энг кам истеъмол харажатлари миқдори янгиланиб, ортиб боришининг кафолати бўлади.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш партия учун устувор вазифа бўлиб қолади.
Халқ демократик партияси пенсия ёшини ўзгартирмаслик тарафдори бўлиб, давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш, пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларига етарли бўлиши учун интилмоқда.
Сайловчилар, айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами манфаатларига хизмат қиладиган ташаббуслар маъқул келганини, шунингдек, одил судловни таъминлашга қаратилган ҳакамлар ҳайъати институти ва вилоят, туман (шаҳар) судлари раисларини ротация қилиш амалиётини жорий этиш ташаббуслари судлар фаолиятидаги одилликка хизмат қилиши ҳақидаги фикрларни қўллашди.
Шу билан бирга, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, агентликнинг хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича масъулиятини ошириш ҳақидаги таклифга катта қизиқиш билдиришиб, фарметсевтика соҳасини тартибга солишга қаратилган таклифларга ҳам ҳайриҳохлик кўрсатишди.
Мулоқотда партия электорати вакиллари ҳам сўзга чиқиб, дастурдаги таклифлар уларнинг оиласи, яқинлари, фаолияти, ҳаётига яқин эканини таъкидлашди.
Таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва пенсия каби йўналишлардаги таклиф-ташаббуслар хусусида фикр билдиришди. Халқ демократик партияси сайловга янгича ёндошувлар билан кириб келгани, оммавий тадбирлар, юзма-юз учрашувлар сиёсий партия ва сайловчилар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишини, янги таклиф-ташаббуслар аҳамияти ўзаро мулоқотда яхшироқ англашилаётганини таъкидлашди.
Сайлов тизимидаги янгиликлар, Халқ демократик партияси фаолияти, Сайловолди дастуридаги ғоя ва таклифлар ҳақида қисқа савол-жавоб викторинаси ўтказилди, фаоллик кўрсатган иштирокчиларга тарғиботга қаратилган эсдалик совғалари топширилди.
Қўшни ҳудудлар Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидан ҳам партия фаоллари, хайрихоҳ сайловчилар иштирок этгани оммавий тадбирга янада кўтаринкилик улашди. Ҳар бир инсон фаровонлигига хизмат қиладиган ғоя ва ташаббуслар атрофида бирлашган турли соҳа ҳамда ёшлар вакиллари сиёсий жараёнларда юқори ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатишди. Воҳага келган меҳмонлар ҳам Сурхондарёнинг қайноқ, меҳрли тафтини ҳис қилишди.
Тадбир якунида сайловларнинг мамлакат равнақи учун аҳамияти, демократик жамият қуришдаги ўрни ва ҳар биримизнинг ҳаётимизга таъсири ҳақида сўз юритилиб, Халқ демократик партиясига, унинг номзодларига овоз беришга чақириқлар янгради.
Халқ демокрактик партияси
Матбуот хизмати