Партия ғоялари уйма-уй юриб сайловчиларга етказилмоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий адолат тамойиллари асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини ҳимоя қилади. Мамлакат сиёсий кучлари сўл қаноти ҳисобланган партия фуқаролик ва миллатлараро тотувлик, ижтимоий барқарорлик, ҳар бир оила ва бутун халқ фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатларни ўз мафкураси ва сиёсий фаолиятининг пойдевори, деб билади.

Шу кунларда партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши вакиллари, волонтёрлик гуруҳлари, депутатликка номзодлар кенг кўламли сайловолди ташвиқот тадбирларини, учрашувларини ўтказмоқда.

Айни пайтда пойтахтимиз марказий кўчаларидаги LED экранларида номзодларнинг тарғибот роликлари намойиш этилмоқда. Партиянинг “Ҳар бир инсон фаровонлиги учун!”, “Ижтимоий давлат учун!” шиорлари акс этган билбордларга йирик ҳажмдаги баннерлар ўрнатилган.

Тарғибот тадбирларида ва уйма-уй юриб партия ғояларини сайловчиларга етказишда тарқатма материалларда фойдаланиляпти.

Партия электорати бўлган нуронийлар, вақтинча банд бўлмаган фуқаролар, касб-ҳунар ўрганаётган ёшлар, аёллар, ижтимоий соҳа вакиллари билан ўтаётган мулоқотларда янги Сайловолди дастурида кўзда тутилган муҳим ташаббус ва таклифлар ҳақида сўзлаб бериляпти.

Партия ўз сайловолди дастурида 10 та йўналиш, 15 та стратегик қадамдан иборат 150 дан ортиқ ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини янги нормалар билан тўлдириш орқали “Ижтимоий кодекс”ни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга эришиш, ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш мақсадида “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш, Ногиронлар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги миллий стандартларини ишлаб чиқиб, қонун даражасида мустаҳкамлаш каби таклиф ва ташаббуслар ўрин олган.

Бундан ташқари, “Коммунал хизматлар ва тарифларни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш, сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун Сув кодексини қабул қилиш вазифаси ҳам илгари сурилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун ҳар бир сайлов халқимизга хизмат қилиш имкониятидир. Барча сайловчиларни партиямизнинг дастурлари билан яқиндан танишишга ва сайловларда фаол иштирок этишга чақирамиз.

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов-2024
← Рўйхатга қайтиш