Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловга ҳам оз фурсат қолди. Халқ демократик партияси Сайловолди дастурининг мазмун-моҳиятини тушунтириш учун 18 октябрь куни Андижон вилояти марказидаги Иқтисодиёт ва қурилиш институтида пенсионер ва нуронийлар билан учрашув ўтказилди.
Мулоқотда пенсионер ва нуронийлардан ташқари жамоат фаоллари, фаол ёшлар ва аёллар, ижтимоий соҳа вакиллар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси етакчилари сўзга чиқиб, дастурнинг асосий йўналишлари ва уларда акс этган таклифларнинг долзарблигини йиғилганларга тушунтириб беришди. Жумладан, соғлом қариш бўйича стратегияни илгари суриш орқали барча соҳаларда кекса одамларнинг фаол иштирокини рағбатлантириш, соғлиқ учун зарарли маҳсулот гуруҳларига солиқ юкини ошириш ва шу орқали соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш интенсивлигини ошириш, болаларни интернет тармоғида хавфсизлигини таъминлаш бўйича миллий стратегияни қабул қилиш, киберхавфсизлик асослари, жумладан, онлайн фирибгарлик, онлайн таҳдидларни аниқлаш ва улардан ҳимоя қилиш бўйича ўқув дастурларини жорий этишга бағишланган ташаббуслар ўрин олгани айтиб ўтилди.
Халқ демократик партияси барча фуқаролар учун пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга етарли бўлишига эришишни мақсад қилгани таъкидланди.
Бундан ташқари дастурда пенсияни ёшини ўзгартирмасдан сақлаб қолиш бўйича сиёсатни давом эттириш аниқ белгилаб қўйилгани ҳаммага маъқул келди. Бинобарин дунёнинг энг ривожланган давлатларида ҳам пенсия ёши ўсиб бораётган бир паллада юртимизда олиб борилаётган бу борадаги сиёсат таҳсинга сазовор. Буни чуқур англаб етган Халқ демократик партияси ҳам бу сиёсатдан оғишмай уни давом эттиришни мақсад қилган.
Иштирокчиларнинг аксарияти пенсионер ва нуронийлар бўлгани учун таклифлар йиғилганларга маъқул келганини яшириб ўтиришмади. Бу уларга кўтаринки кайфият улашди.
Бир сўз билан айтганда дастурдан ўрин олган аҳоли ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган ташаббуслар, иқтисодиётда давлатнинг фаол ролини сақлаб қолиш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқ-имкониятини таъминлаш, Коммунал хизматларни тартибга солиш, тиббиёт, таълим соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган таклифлар сайловчиларга манзур бўлди.
Учрашув давомида фаоллар йиғилганларни мамлакат ҳаётига дахлдор бўлган йирик сиёсий жараён – сайловда фаол бўлишга, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг номзодларини қўллаб-қувватлашга чақирди.
Йиғилиш якунида сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан масъулларга мурожаат қилишди ҳамда атрофлича жавоблар олишди.