Ўзбекистон ижтимоий давлат. Буни бугун ҳеч ким инкор эта олмайди. Зеро, бу жумлалар Конституцияда муҳрлаб қўйилди. Демак, Бош қонунимизда ёзилган ҳар бир меъёр, ҳар битта таъриф сўзсиз итоат қилиниши ёки амалга оширилиши зарур бўлган ҳаётий ҳақиқат саналади.
Шу кунларда Конституция қабул қилинган сана олдидан жойларда турли тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Уларда одамларга Конституциянинг мазмун-моҳияти, одамлар ҳаётидаги ўрни яна бир карра тушунтирилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгашида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси — эркин ва фаровон ҳаёт гарови экани ҳақида суҳбатлашилди. Мулоқот давомида Бош қомусимизнинг яратилиш асослари, унга киритилган асосий тушунчалар, янги ўзгартиришлар ҳамда қўшни давлатларимиз Конституцияси билан ўхшашликлари ва фарқлари хусусида мулоҳазалар билдирилди.
Шу билан бирга, сайлов тизимидаги ўзгартиришлар ҳақида атрофлича муҳокама ўтказилди. Суҳбат ёшлар ўртасида мунозара майдонига айланди.