Ҳар бир миллат ўзининг давлат мадҳиясига эга бўлиб, бу мадҳиялар орқали ўзининг тарихий йўлини, урф-одатларини ва қадриятларини намоён этади. Давлат мадҳияси – бу фақат мусиқий асар эмас, балки ҳар биримизнинг қалбимизда ўчмас из қолдирувчи маънавий куч, миллат ғурури ва бирдамлик рамзидир. Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси биз, ёшлар учун, эркинликка интилган аждодларимизнинг орзуси ва бугунги кунда амалга оширилган мустақиллик ютуғи тимсолидир. Бу мадҳияни эшитганимизда юрагимизда пайдо бўладиган фахр ҳисси ўзига хос куч-қудрат ва масъулият уйғотади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси 1992-йил 10-декабрда қабул қилинган бўлиб, Мадҳиянинг матни Ўзбекистоннинг мустақиллиги, эркинлиги ва тинчлиги ҳақида гапиради. Бу асар, бизнинг юртимизнинг гўзаллиги, халқимизнинг жасорати ва миллий бирликни ифодалайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси ёшларимизни бирлаштирувчи, уларга юртимизга бўлган муҳаббат ва садоқатни оширувчи муҳим омил ҳисобланади. Мадҳиямизни куйлаш, бизнинг юрагимизда Ўзбекистоннинг улуғворлигини ҳис қилиш имконини беради. Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси ҳар бир фуқарони фахр ифтихор билан тўлдиради. У бизнинг тарихимизни, маданиятимизни ва урф-одатларимизни ёдга солади. Ҳар сафар мадҳиямизни эшитганимизда, биз ўзимизни Ўзбекистоннинг бир қисми сифатида ҳис қиламиз ва ўз юртимизга бўлган севги ва садоқатимизни янгилаймиз. Бу, бизнинг миллий ғуруримизни кучайтиради ва келажагимиз учун кучли асос яратади.
Биз ёшлар мадҳияни фақат қўшиқ сифатида эмас, балки ҳаракатга ундовчи маънавий чақириқ сифатида қабул қиламиз. Мадҳияни айтганимизда, биз ўз зиммамизга улуғ аждодларимиздан мерос бўлиб қолган қадриятларни асраб-авайлаш, мустақил Ватанимизни янада ривожлантириш масъулиятини оламиз. Бу сатрлар нафақат бизнинг ғуруримизни оширади, балки келажак учун юксак мақсадлар сари қадам ташлашга илҳом беради.
Бугунги кунда биз ёшлар миллий рамзларимизни қадрлаш ва уларнинг маъносини тўла англашни ўзимизнинг бурчимиз деб биламиз. Давлат мадҳияси бизни ўзлигимизни англашга, халқимиз ва юртимиз билан фахрланишга ундайди. Мадҳиямизнинг овози янграганида, биз фақат бир лаҳза тингламаймиз – биз ўзимизнинг миллатимиз билан ғурурланамиз, қалбимизда буюклик сари интилиш ҳиссини ҳис қиламиз.
Бу мадҳиядан таралаётган руҳ бизни бирлаштиради, куч бағишлайди ва келажакда янги чўққиларни забт этишга илҳомлантиради. Шу боис, ҳар сафар мадҳиямизни куйлаётганимизда ёки эшитаётганимизда, бу овоз бизнинг қалбимизда ҳар доим янграсин ва куч-қудратимизни оширсин!
Шохрух Ўктамов,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси в.б.