Кенгашлар уйғоқ бўлса, ҳудудлар ривожланади
Кенгашлар уйғоқ бўлса, ҳудудлар ривожланади

 

Кейинги йилларда маҳаллий давлат бошқарувини демократлаштириш, ҳудудлар тақдири билан боғлиқ қарорларни бир киши эмас, кўпнинг фикри билан қабул қилиш бўйича яхши натижаларга эришилмоқда. Халқ депутатлари Кенгашлари ҳозир энг муҳим масалалар бўйича қарор қабул қилишда кўплаб ваколатларга эга бўлди, бу – Кенгашларнинг салоҳияти, масъулияти ошишига замин яратди.

Шунга яраша маҳаллий Кенгашлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашиб бориши ҳам керак, албатта. Кенгашлар уйғоқ экан, ҳудудлар ривожланади, депутатлар фаол экан, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топилади. Ҳозир ҳамма жойда ҳаёт қайнаган, ислоҳотларнинг кўлами кенг. Кўпчилик депутатларимиз Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш учун янги режалар тузиш, аниқ манзилли чора-тадбирларни белгилаш ишлари билан банд.

Биламизки, партиямиз Сайловолди дастурига кўра, биз кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишга интиламиз. Бу ижтимоий барқарорликнинг таянчидир. Шундан келиб чиқиб, Ҳаракат дастурида ҳар бир шахснинг Конституция билан кафолатланган ижтимоий ҳуқуқларини адолатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Мен халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашига 11-Гулбулоқ сайлов округидан депутат бўлиб сайландим. Яқинда депутатларимиз би­лан вилоятимизда ногиронлиги бўлган инсонлар учун яратилган тўсиқсиз муҳитни ўрганиш бўйича чора-тадбирлар режасини туздик. Ҳар бир депутатга шу бўйича ҳудудлардаги реал вазият билан танишиб, таклифлар тайёрлаш вазифасини қўйдик. Тўғри, кўп ҳудудларда, айниқса, чекка туманлардаги шоҳбекатларда кўзи ожизлар учун электрон ахборот эшитиш мосламалари, светофор ва махсус йўлакларда ногирон шахсларни огоҳлантирувчи овозли электрон жиҳозлари умуман йўқ. Бугунги кунда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракати учун етарлича шарт-шароит яратилмагани ҳаммамизга аён.

Жамиятимизда инклюзив таълимни ривожлантиришга устувор эътибор қаратиляпти. Бу яхши. Аммо бунинг учун, аввало, ногиронлиги бўлган шахслар кўчада, йўлда қийналмасдан, эмин-экин юриши учун шароитларни яратишимиз керак. Бу масалани эса кечиктиришга ҳақимиз йўқ. Шунинг учун биринчилардан бўлиб Ҳаракат дастурида белгиланган ушбу вазифа ижросига енг шимариб киришдик. Яқин кунларда бунинг натижаси ҳақида маълум қиламиз.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ,

халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш