Депутатлик фаолиятимни бошлашим билан сайлов округи ҳудуди муаммоларини ўргандим, аҳоли билан учрашиб, уларнинг фикрларини тингладим ва мурожаатлар билан ишладим.
Бугун ҳудудларимизда янгиликлар кўп, ўзгаришлар катта. Аммо одамларимизни ташвишлантираётган, ечимини кутаётган масалалар ҳам бор. Партиямиз Ҳаракат дастурининг ижросини таъминлаш орқали ҳудудлардаги кўп муаммоларга ечим топамиз.
Яқинда бўлиб ўтган депутатлик гуруҳимиз йиғилишида Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш, сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни сессиялар муҳокамасига олиб чиқиш асосий мавзу бўлди. Тўғри, депутатлик гуруҳларимиз сессияга масала киритишдан олдин тегишли муаммо бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб боришади. Масала жойига чиқиб ўрганилади, шу бўйича қандай мурожаатлар бўлгани кўриб чиқилади. Шунингдек, мониторинг давомида ҳудудларда кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оилага кириб борилади, сайловчиларнинг эътирозлари, таклифлари эшитилади.
Биз яхши бир тажрибага таяниб иш кўришни режалаштирдик. Яъни, “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал”, дейишади-ку, шу маънода жойлардаги муаммолар ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмоқчи эмасмиз. Ўзимиз одамлар орасига, халқ ичига кириб борамиз, улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, самарали ҳал қилиш бош мақсадимиз бўлади.
Сайлов округимдаги ҳудудларни ўрганиб чиқиб, ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви, ишсизлик, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича муаммолар борлигини аниқладим. Депутат сифатида биринчи навбатда ушбу муаммоларни бартараф этишга эътибор қаратаман. Ушбу масалалар бевосита партиямиз Ҳаракат дастури билан уйғундир. Уларнинг ижобий ҳал қилиниши учун депутатлик ваколатимдан тўлиқ фойдаланаман.
Санжар ВАФАЕВ,
халқ депутатлари Янгиҳаёт туман Кенгаши депутати.