Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади “ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш”дан иборат экани белгилаб қўйилган. Президентимиз раислигида бўлиб ўтган “Ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва 2025 йилдаги устувор вазифалар тўғрисида” видеоселектор айнан партиямиз мақсадларига тўла мослиги билан янада чуқур аҳамият касб этади.
Президент бу йил ижтимоий ҳимоя бўйича қилинган 34 та муҳим янгиликка қўшимча 28 та янги ташаббусни илгари сургани ҳаммамизни қувонтирди.
Камбағалликдан чиқишнинг муҳим шартларидан бир сифатида таълимга бўлган эътиборнинг кучайиши экани таъкидланди. Шу маънода янги йилдан оилавий боғча ўринларини 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилиниши ва боғча тўлови қисман қоплаб берилиши, камбағал оила фарзандларини чет тили, IT ва касб-ҳунарга ўқитиш учун қўшимча имкониятлар яратилиши, камбағал оиладаги 118 минг ёшларни ўқитиш, ва тўгарак харажати 80 фоизгача бюджетдан қопланиши, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш каби масалалар бу борадаги устувор ташаббуслар ҳисобланади.
Аслида ҳам илмдан бошқа нажот йўқ. Ҳар қандай давлат ва жамиятнинг тараққиёти бевосита илф-фан, таълим-тарбияга қаратилган эътибор ҳамда яратилган шароитлар билан белгиланади. Шундай экан, таълим олишдаги тенг имкониятлар партиямиз электорати вакилларининг орзу-интилишлари, иқтидорларини рўёбга чиқаришда муҳим восита саналади.
Умуман олганда, Президентимиз раҳбарлигида ижтимоий ҳимояга бағишлаб ўтказилган йиғилиш партиямиз сайловолди дастурига киритилган вазифаларнинг ижроси учун янги бурилиш бўлиб хизмат қилади. Иккинчи томондан эса йиғилишда кўтарилган ижтимоий ҳимоя соҳага оид масалалар партиямиз дастурининг қанчалик халқчил эканининг яна бир бор исботлайди. Демак ҳар бир партия ходими, аъзоси ва депутатлар барча имкониятларни сафарбар этиб, давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни оғишмай амалга оширишимиз зарур.
Бадриддин НАСРИЕВ,
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси,
вилоят Кенгаши депутати.