Тўғрисини айтсам, инсон олдига катта режа ва мақсадлар қўйиши ҳамда уларни амалга ошириши учун ҳам имконият, шароит ва қўллов керак бўлади. Давлатимиз раҳбари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда айтилган фикрлар айни кўнглимдаги гап бўлди. Чунки эндиликда ногиронлиги бор болалар учун тенг имконият ва шароит яратилиши менинг энг катта истакларимдан биридир.
Йиғилишда боғча ва мактаб ёшидаги ногиронлиги бор болаларнинг асосий қисми махсус мактаб-интернатларда, ота-онасидан узоқда таълим олиши танқид қилинди.
Шуниси аниқки, имконияти чекланган болалар кўпроқ оиласи ва яқинлари меҳрига эҳтиёж сезади. Бошқалар билан ўзини тенг кўриши учун уларга шароит ва қаров зарур. Масалан, сўнги йилларда таълим соҳасига замонавий технологиялар, Интернет, электрон дастурлар кириб келди. Ногиронлиги бор болаларга бу дастурларни ўзлаштириши учун маълум бир вақт ва махсус устозлар талаб этилади.
Давлат раҳбари 1 сентябргача 954 та мактабда инклюзив синф ташкил қилиниб, яна 1 минг 800 нафар ногиронлиги бор бола таълим олиши учун шароит яратилишини айтиб ўтди. Ушбу ташаббусни маҳаллий Кенгаш депутати, қолаверса, имконияти чекланган шахс сифатида қўллаб-қувватлайман. Сабаби, ўзим ҳам Тошкент давлат транспорт университети юриспруденция йўналишида инклюзив таълим оламан. Бу турдаги таълимнинг машаққати ва талабаларини яхши тушунаман.
Бизнинг Қува туманимизда 6 минг 384 нафар ногиронлиги бўлган шахслар мавжуд бўлиб, улардан 1 минг 3 нафари болаликдан ногирон. Бу тоифадаги болаларда ўзларига бўлган ишончни янада ошириш, уларни рағбатлантириш ҳамда бошқалар билан тенг ҳуқуқларга эга эканини тушунтириш лозим. Тушунтирибгина қолмай, улар буни ҳис қилишларига кўмаклашиш талаб этилади. Бунда тумандаги мутасадди раҳбарлар билан биргаликда жойларда спорт ва соғломлаштириш марказларига имконияти чекланган болаларни жалб қилиш керак бўлади. Улар учун турли кўнгилочар ва оммавий тадбирлар ташкил этиш орқали жамиятга кенгроқ жалб қилиш мумкин.
Облоберди ОЛИМОВ,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси ўринбосари,
халқ депутатлари Қува туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси.
«Ўзбекистон овози», 18.12.2024, №51