Қашқадарёлик депутатлар ҳисоботни қандай баҳолади?
Қашқадарёлик депутатлар ҳисоботни қандай баҳолади?

 

Кейинги йилларда маҳаллий давлат бошқарувини демократлаштириш, ҳудудлар ривожи билан боғлиқ қарорларни бир киши эмас, кўпнинг фикри билан қабул қилиш бўйича салмоқли натижаларга эришилмоқда. Халқ депутатлари кенгашлари ҳозир энг муҳим масалалар юзасидан қарор қабул қилишда кўплаб ваколатларга эга бўлди. Бу кенгашларнинг салоҳияти, масъулияти ошишига замин яратди. Шунга яраша маҳаллий Кенгашлар фаолияти сезиларли даражада фаоллашиб бориши ҳам керак. Кенгашлар уйғоқ экан, ҳудудлар ривожланади, депутатлар фаол экан, аҳолини ўйлантираётган масалаларга ҳаётий ечим топилади.

Яқинда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи ташаббуси билан вилоят қурилиш ва уй- жой коммунал хўжалиги бошқармасида Маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича доимий комиссиясининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда давлатимиз раҳбарининг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси бошлиғи Зоҳиджон Зокировнинг ҳисоботи эшитилди. Айтиш керакки, ушбу тадбир партиямиз Ҳаракат дастури доирасида ЎзХДП депутатлари ташаббуси билан ташкил қилинди.

Ҳозир вилоятда 2 минг 286 та кўп квартирали турар жой бор. Уларнинг 45 таси пудратчи ва 2 минг 167 таси бошқарув сервис компанияларига, қолган 74 таси бошқа идора ва ташкилотларга бириктирилган. Маълум бўлишича, вилоятдаги 161 мингга яқин аҳоли истиқомат қилиб келаётган кўп қаватли уй-жойлардаги 58 мингдан ортиқ хонадонга 68 та бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда.

2024 йилда компаниялар ҳисобига тушган маблағлар эвазига 367 та уйнинг том қисмидан ертўлагача бўлган қисми таъмирланган. Яъни, режа ортиғи билан бажарилган. Ҳозирда кўп қаватли уйларнинг 4 тасида фасад қисмини, 6 тасида кириш йўлакларини таъмирлаш, 3 тасида ертўла муҳандислик коммуникациялари, 17 тасида энергия тежовчи сенсор лампалар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш чора-тадбирлари атрофлича муҳокама қилинди.

Аён бўлишича, вилоятда 11 та қозонхона бор. Иссиқлик корхонаси тасарруфидаги 27 та қозоннинг 8 таси, 44,4 км иссиқлик тармоқларининг 15,7 км қисми таъмирталаб. Жорий йилда ушбу қозонларни ва 2,95 км иссиқлик тармоқларини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда 3 та қозон ва 0,5 км иссиқлик тармоқларида белгиланган ишлар бажарилди.

Шу билан бирга, вилоят ҳокимининг қарорига асосан маҳаллий бюджет маблағларидан қозонхоналар ва иссиқлик тармоғини куз-қиш мавсумига қадар мукаммал таъмирлаш мақсадида 1 млрд. 270 млн. сўм ажратилиб, тендерда ғолиб бўлган “Қувончбек Бунёдкори” МЧЖ томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Йиғилишда партиямиз депутатлари сайловчиларнинг коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммо ва таклифлари юзасидан мутасадди ташкилотлар вакилларига мурожаат қилишди. Коммунал соҳага дахлдор хизматларнинг иш сифати ва самарадорлигини ошириш чораларига урғу берилди.

Албатта, бу каби ҳисоботлар, идора-ташкилотларнинг маҳаллий Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги ҳудудларни ривожлантириш, аҳолини ўйлантираётган масалаларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.

 

Олим РАВШАНОВ,

ЎзХДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.

«Ўзбекистон овози», 18.12.2024, №51

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш