Халқ депутатлари Фарғона вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига партиямизнинг 115 нафар депутати сайланди. Вилоятимизда ХДПнинг 19 та депутатлик гуруҳлари тузилди. Бу катта куч дегани. Жойлардаги кўплаб масалалар қай даражада самарали ҳал этилиши, вакиллик ҳокимиятининг ўзгариши юрагида ўти бор депутатлар кўпайишига ҳам боғлиқ.
Шу маънода барча депутатлар бир ёқадан бош чиқариб, елкама-елка туриб, ҳудудларда бўлаётган жараёнларга, олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан фаолият юритяпмиз. Шаҳар ва қишлоқлар тараққиётига хизмат қиладиган режа ва дастурларни белгилаб олганмиз.
Очиғини айтганда, бугун маҳаллий Кенгашлар илгарига қараганда анча фаоллашган. Кенгашларда бир қатор долзарб масалалар бўйича ҳисоботлар тингланмоқда, қарорлар муҳокама учун тақдим этилмоқда. Янги сайланган депутатларни ўқитиш ишлари ҳам тизимли равишда ташкил этилган. Улар ўз салоҳиятини, билимини амалда кўрсата оляпти.
Масалан, яқинда халқ депутатлари Қува туман Кенгашининг навбатдаги VII чақириқ иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда партиямиз электорати бўлган ногиронлиги бўлган инсонлар манфаати билан боғлиқ бир қатор масалаларни муҳокама қилдик.
Сессия кун тартибига асосан дастлаб соҳага тегишли қарорлар ижросини кўриб чиқдик. Шунингдек, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази раҳбарининг ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботга кўра, туманда жорий йил бошидан буён 72 нафар ногиронлиги бўлган шахс бандлиги таъминланган. Яқинда яна 21 нафар ногиронлиги бор фуқаро ишга кириши учун тегишли ташкилотларга йўналтирилди. Биз уларнинг бандлигини таъминлаш масаласини қатъий назоратга олганмиз.
Сессияда, шунингдек, ногиронлиги бўлган инсонлар учун объектлар ва хизматларнинг қулайлиги, уларга тўсиқсиз муҳит яратиш билан боғлиқ таклифларимизни бердик.
Ушбу сессияда ўтириб, депутатлар фаоллиги ҳақида ўйладим. Ҳозир ёниб турган, мард, ўз фикрини дадил айта оладиган депутатларимиз жуда кўп. Бундай депутатлар мақсадига эришмай қўймайди. Шунинг учун ҳозир сессиялар анча мунозарали, савол-жавоб ва қизғин кечяпти. Яхши таклифлар ва фикрлар пайдо бўляпти. Аммо фақат сессияларда ҳисобот бериш, қарор қабул қилиш билан иш битмайди. Албатта, уларнинг ижроси назоратга олиниши, бир масаланинг ечими учун охиригача курашиш шарт ва зарур.
Махамматсоли МЕЛИБАЕВ,
халқ депутатлари Қува туман Кенгаши депутати.
«Ўзбекистон овози», 18.12.2024, №51