Одам савдоси учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Одам савдоси учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

 

Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» ғояси ислоҳотларимизнинг бош тамойили ҳисобланади. Янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда ҳам «Инсон-жамият-давлат» тамойили ўз аксини топган. Бу эса, амалга ошираётган барча ислоҳотларимиз биринчи навбатда инсон қадрини улуғлашга қаратилгани билан эътиборлидир. Зеро, ислоҳотларимизнинг мақсади юртимизда яшаётган барча фуқароларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Айнан шунинг учун ҳам маънавий баркамол инсонни тарбиялаш, таълим-тарбияни юксалтириш, Янги Ўзбекистон ғоясини рўёбга чиқарадиган авлодни вояга етказиш давлатимизнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлаяпти.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларни жиноий тажовузлардан ҳимоя қилиш билан боғлиқ қонунчиликни такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, инсоннинг эркинлигига қарши қаратилган энг оғир жиноятлардан бири одам савдоси. ХХI асрнинг глобал муаммоси, деб аталаётган одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан жаҳон ҳамжамиятида жиддий ташвиш ва хавотирда. Бугун замон шиддат билан ўзгараётган, фан-техника тараққиёти кучайган бир даврда бу жиноятга қарши курашиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

У инсон ҳуқуқ ва эркинликларини қўпол равишда бузган ҳолда эркак, аёл ва болаларни ўз қурбонига айлантиради. Жисмоний ва руҳий жиҳатдан азоб бериб, хуқуқларини чеклайди, бировларнинг қўлида қул бўлишга маҳкум этади. Оқибатда одамлар умрига зомин бўлишдек энг оғир ва жирканч оқибатларни келтириб чиқаради.

Аксарият ҳолларда бу жиноят билан шуғулланувчилар инсонни алдаш, қўрқитиш ёки катта пул топиш, яхши шароитда яшаш имконияти ҳақида ёлғон ваъдалар бериб, уларни ноқонуний йўллар билан хорижий давлатларга олиб чиқиб кетишади. Одам савдосининг қурбонлари эса асосан аёллар ва болалар бўлаётганлиги ачинарлидир. Меҳнат миграцияси, ахборот алмашинувининг кучайиши, ҳуқуқий билимнинг етарли эмаслиги, осон пул топишга умид қилувчи, ёт таъсирларга тез берилувчан фуқаролар жиноятчилар тўрига осон илинадилар.

Юртимизда одам савдосига қарши курашиш, бу жиноят жабрдийдаларини ҳимоялаш ва реабилитация қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тегишли қонун, қарор ва фармонлар одам савдосининг олдини олишга, бу жиноятнинг ҳалокатли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссияси қайта ташкил қилиниб, мазкур комиссия ўз фаолиятини самарали равишда амалга оширмоқда.

Одам савдосига қарши курашишда давлат ташкилотлари билан бирга, нодавлат, нотижорат ташкилотлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлиги кучаймоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан «30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни» деб эълон қилинганлиги ҳам одам савдосига қарши курашиш дунё миқёсида жуда муҳим масала эканини кўрсатади.

Қашқадарё вилоятида ўтган йили одам савдоси билан боғлиқ жами 96 та ариза ва шикоятлар келиб тушди. Уларнинг 7 таси бўйича жиноят иши қўзғатилди, 89 таси бўйича профилактик тадбирлари олиб борилди.

Одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган 9 нафар фуқаро республика реабилитация Марказига юборилган.

Жиноятчиликка қарши курашишда жавобгарлик муқаррарлиги таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу соҳада қонунчилик асослари такомиллаштирилаётганлигини кўрамиз.

Жумладан, 2024 йилнинг 20 декабрь куни Олий Мажлис Сенати томонидан «Одам савдоси жинояти учун жазо чоралари кучайтирилаётганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланганлиги ҳам бу масаланинг ўта долзарблигидан далолат.

Мазкур Қонунда энг оғир жазо сифатида Жиноят кодексининг 135-моддасининг учинчи қисми санкциясида ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда. (Амалда эса мазкур модданинг учинчи қисмида саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.)

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасининг 2-қисмига оғирлаштирувчи ҳолатлар қаторига фоҳишалик билан шуғулланишга жалб этиш мақсадида одам савдоси жинояти содир этганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи малакаловчи белгининг киритилиши ҳам жиноий қилмишнинг оғирлигига мувофиқ жазонинг кучайтирилаётганлигини англатади.

Жазо чораларининг кучайтирилиши одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишда, айбдор шахсларга нисбатан муросасиз курашишда ҳамда жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Комила Каромова,

Республика маънавият-маърифат маркази

Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, сенатор.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш