Жорий йилнинг 6 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш орқали уларга касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини бериш тизимини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳасига кўра, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатига олишнинг норматив-ҳуқуқий ва ташкилий асосларини шакллантириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, лойиҳада аҳолининг юқори сифатли тиббий хизмат олиш ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган меъёрлар таклиф этилмоқда. Яъни, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмларига киритилмаган фуқароларга қўшимча тиббий ёрдам ҳамда оилавий шифокор ёки тиббиёт бригадаси йўлланмасисиз тўғридан-тўғри пуллик асосда тиббий ёрдам кўрсатиш масаласи ҳам лойиҳада ўз аксини топмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг концепциясини муҳокама қилар экан, ундаги ўзгаришлар аввало аҳоли, сайловчилар манфаатларига хизмат қилиши кераклигига урғу берди. Хусусан, депутатлар жойларда тиббиёт мутахассислари етишмаётган бир пайтда уларга маълум бир синовдан ўтиш талаби қўйилса, соҳага қизиқиш сўниб қолмайдими, деган савол билан мурожаат қилди.
Масъуллар депутатларнинг саволларига атрофлича жавоблар беришди. Шунингдек, депутатлар қонун лойиҳаси, яъни қонунчилик ва малака талабларига мос келадиган шахсларни саралаб олиш орқали яхши мутахассисга бўлган талабни қондириб бўлмаслиги таъкидланди. Малакали мутахассислар сафини кенгайтириш масаласини олий таълим тизимидан бошланиши кераклиги, белгиланган талаблардан ўта олмаган талаба диплом олиш имконини кечиктириш каби чора-тадбирлар қўллаш яхшироқ самара бериши қайд этилди.
Узоқ муҳокамалардан сўнг фракция аъзолари томонидан лойиҳани биринчи ўқишда қайта кўриб чиқилиши юзасидан якуний тўхтамга келинди ва уни қўмитага қайтариш фикри бир овоздан маъқулланди.
Йиғилишда кун тартибидаги барча масала атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.