Депутатнинг халққа яқин бўлиши, сайловчиларнинг турмуш тарзидан хабардорлиги жамиятдаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш, вазиятга тўғри баҳо бериш ва масалага ечим топишнинг энг самарали йўли ҳисобланади. Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлар бу борадаги қатор лойиҳаларни амалга ошириб келяпти.
Хусусан, Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти кенгаши Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати Дониёр Каримов Шароф Рашидов ва Аҳмад Яссавий МФЙларида бўлиб, аҳолининг мурожаатларини ўрганди. Депутатга кўп қаватли уйларда иситиш тизими ишламаётгани, ҳовли уйларни олдидан чиқиндилар олиб кетилмаётгани тўғрисида мурожаатлар бўлган эди.
Депутат Д.Каримов мутасадди ташкилот ходимлари ва маҳалла фаоллари билан биргаликда муаммоларни жойида ўрганиб, иссиқлик манбаи ташкилоти ходимларига иссиқлик тизими бўйича муаммони бартараф этиш ва кўп қаватли уйлар ертўласидаги насосларни созлаш бўйича вазифа юклатилди. Шунингдек, ҳовли уйлар олдидан чиқиндилар олиб кетилмаётгани тўғрисида мутасадди ташкилотга депутатлик сўрови чиқарилди.
Депутат Д.Каримов Маҳалла еттилигининг иш фаолияти билан ҳам танишиб чиқди, 2024 йил давомида "Аёллар дафтари"га киритилган фуқаролар билан олиб борилган ишлар ҳолатини ўрганди. Ўтган йил давомида “Аёллар дафтари” га киритилганлардан 85 нафар аёлларга кўмак берилган бўлиб, ишсиз хотин-қизлар маҳалла йўлланмаси билан касб-ҳунарга ўқитилган. Бандлиги таъминланган.
Депутатлар аҳоли мурожаатларини ўрганиб, уларга ечим топишда давом этмоқда.