Инсон саломатлигини асраш ислоҳотларнинг муҳим индикатори ҳисобланади

 

Бугунги кунда аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси ва эндемик буқоқ касаллигининг олдини олиш борасидаги ишлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли орасида эндемик буқоқдан касалланиш кўрсаткичларини камайтириш ва ош тузини йодлаш бўйича талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ташаббускорлар йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси билан боғлиқ қонунчиликка бир қатор ўзгартиришлар киритиш масаласини муҳокама қилди.

Унга кўра, аҳоли орасида эндемик буқоқ касаллигининг олдини олиш мақсадида профилактика тадбирларини тўлақонли амалга ошириш, аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган сифатли ҳамда хавфсиз ош тузи билан тўлиқ таъминлаш назарда тутилган. Шунингдек, болалар, ўсмирлар ва репродуктив ёшдаги аёллар орасида йод танқислиги натижасида келиб чиқадиган касалликлар профилактикасини талаб даражасида ташкил этишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масалалари қамраб олинган.

Муҳокамалар чоғида депутатлар бир қатор саволлар билан масъулларга мурожаат қилди.

Хусусан, депутат Зокиржон Зоҳидов мамлакатимизда йод маҳсулоти билан таъминланганлик даражасини қандай назорат қилинаётгани билан қизиқди. Депутат ҳудудларда йод танқислиги (айниқса, аёллар ва болалар) даражаси ортиб бораётганини таъкидлаб ўтди.

Мутахассислар ушбу масалани ўрганиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида аҳоли саломатлигини мониторинг қилиш маркази ташкил этилаётганини билдирди. Мазкур тузилма ҳудудларда аҳоли саломатлиги даражасини аниқлашга қаратилган амалий тадбирларни ташкил қилишга масъул бўлади.

Шунингдек, йиғилишда қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартириш киритиш масаласи фракция аъзолари томонидан кўриб чиқилди.

Муҳокама давомида депутат Шокиржон Аҳмедов сўнгги пайтларда уй-жой қуриш тенденцияси “авж” олгани, бунда техник параметрларга, хусусан, тозалик, қурилиш асбоблари техника хавфсизлиги меъёрларига амал қилинмаётганидан хавотирда эканини билдирди. Бунинг натижасида, қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлиги учун қурилиш ташкилотлари мансабдор шахсларининг жавобгарлигини белгилаш заруратини юзага келтираётгани алоҳида таъкидланди.

Фракция аъзолари кун тартибида муҳокама қилинган барча қонунлар лойиҳалари юзасидан ўз фикр мулоҳазаларини билдирди. Ташаббускорлар таклиф этаётган ҳар қандай қонун ҳужжатлари аввало, инсонларнинг яшаш шароитини янада яхшилашга, турмуш сифатини оширишга қаратилиши зарур эканини таъкидлади.

Фракция аъзолари лойиҳани концептуал жиҳатдан маъқуллади.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш