Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Қуролли Кучлар Академияси ўқитувчи ва курсантлари билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташ тизимини шакллантириш ва унинг нуфузини ошириш, мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш каби йўналишларда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида фикрлар билдирилди.
Таъкидланганидек, мудофаа йўналишида профессионал ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълим жараёнларига энг янги усул ва технологияларни жорий этиш, курсантларнинг замонавий ахборот технологияларини чуқур эгаллаши учун кўникмаларини ошириш, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тайёрлаш, шунингдек олий ҳарбий таълим муассасаларига номзодларни саралаш, танлаб олиш тизимини янада такомиллаштириш ва тизимга илғор хорижий тажрибани жорий қилиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Учрашувда иштирокчиларга мамлакатимизда демократик тарзда бўлиб ўтган парламент сайловлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва сиёсий партияларнинг фракциялари фаолияти, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш тартиби, парламент назорати шакллари ва амалга ошириш механизмлари ҳамда депутатларнинг сайловчилар билан ишлаш фаолияти ҳақида ҳам тушунчалар берилди.
Ташриф давомида Қуролли Кучлар Академияси ўқитувчи ва курсантлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси музейи, катта мажлислар зали ҳамда кутубхона фаолияти билан яқиндан танишдилар.