Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида сайловчилар билан учрашиб, амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигининг жорий ҳолати ҳамда аҳолини қийнаётган ижтимоий масалаларни ўрганмоқда.
Ўзбекистон ХДПдан сайланган депутатлар, хусусан, партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов Наманган вилоятида сайловчилар билан учрашди. Мулоқотда партиянинг сайловолди дастурида кўрсатилган бир қатор мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтилди. Жумладан, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириб бориш бўйича амалий тадбирларнинг жорий ҳолати, жойларда ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини яхшилаш масалаларини қай йўсинда бажарилаётганига эътибор қаратилди.
Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг сифат даражаси муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, учрашув давомида ҳудудларда партия фаолиятини янада ривожлантириш, фуқаролар билан ишлаш механизмларини ривожлантириш масалаларига урғу берилди. Партиянинг мақсад вазифаларини тарғиботи борасида янгича ёндашувларни жорий қилиш, унинг сафига аъзоларни жалб этиш каби масалаларда фикр юритилди.
Фракция раҳбарига кўра, бундай мазмундаги амалий аҳамиятга эга бўлган муҳокамаларни доимий, масалан бир ойда бир марта, ўтказиб бориш керак. Амалга оширилаётган ишларнинг доимий мониторингини юритиш ва олис ҳудудларда аҳолини қийнаётган ижтимоий муаммоларни мунтазам равишда ўрганиш тизимини янги босқичга кўтариш устувор вазифа саналади. Бу партиянинг давлат ва жамият ҳаётида ўрни ва ролини ҳамда аҳолининг ишончини ортишида муҳим кўрсаткич бўлиб хизмат қилади.