Пленум аъзолари ва вилоят кенгаши масъул ходимлари, шаҳар ва туман партия Кенгашлари раислари иштирок этган пленум кун тартибида Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгаши Ижроия қўмитасининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи ва вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг 2024 йилда амалга оширган фаолияти юзасидан ахбороти тингланди. Шунингдек, 2025 йилда амалга ошириладиган устувор вазифалар кўриб чиқилди. Кун тартибидаги масалалар юзасидан вилоят партия кенгаши раиси Алишер Пардаев маъруза қилди.
Ҳисоботда қайд этилишича, жамият ҳаётида партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш, аъзолар ва электорат билан ишлаш, иш сифат ва самарадорлигини ошириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш масалаларига қаратилган ўнлаб қарор қабул қилинди. Ҳаракатлар дастурида белгиланган ва юртдошларимизнинг турмуш фаровонлиги, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид 30 га яқин масала сессияга киритилди.
24 масала доимий комиссияда кўриб чиқилган бўлса, 23 масала партия гуруҳларида муҳокама қилиниб, амалий чоралар кўрилди. Асосийси, сессия қарорлари ижроси устидан доимий назорат ўрнатилган.
Шунингдек, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, унинг ижобий имижини шакллантириш мақсадида «Депутат маҳаллада», «Уйма-уй», «Сафимиздаги ёшлар», «Ижтимоий ҳимоядан – ижтимоий фаоллик сари», «Аёлларга кўмак» каби 10 дан ортиқ лойиҳалар доирасида мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди. Натижада 6 мингга яқин фуқаро партия аъзолигига қабул қилинди.
Пленумда қайд этилдики, жорий йилда миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини қамраб олган ҳамда инсон қадри, деган улуғвор тамойилни ўзида жамлаган Давлат дастури ҳамда партия Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижроси устувор масала саналади. Бунинг учун камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш йўли билан ижтимоий масалаларга ечим топиш лозим. Шундан келиб чиқиб, партиянинг қуйи бўғини фаолиятини янада жонлантириш, бошланғич ташкилотлар ишини самарали ташкил этиш зарур. Зеро, БПТлар партиянинг аҳолига энг яқин бўғини бўлиб, улардан олинган таклифлар ҳаётий ва халқчиллиги билан ажралиб туради.
Пленум кун тартибидан ўрин олган яна қатор масалалар ҳам муҳокама қилинди, иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ҳар бир масаладаги таклифлар инобатга олинган ҳолда қарорлар қабул қилинди.