Вазият ҳамма жойда бир хил эмас

 

Айни пайтда Бухорода бўлиб турган қуйи палата депутати, партия фракцияси аъзоси Зулайҳо Акромова ўрганишларни вилоят марказида жойлашган 27-сонли алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатидан бошлади.

Маълум бўлишича, муассасада 375 нафар ўқувчи таҳсил олади. Улар 9-синфни битиргач, Самарқанд шаҳрида жойлашган мактаб-интернатида ўқишни давом эттириши белгиланган. Бироқ кўплаб оилаларнинг шароити тўғри келмагани сабабли фарзандларини у ерга юбора олмайди. Мисол учун, 2023-2024 ўқув йилида 35 нафар бола интернатни тамомлаган бўлса, уларнинг атиги 3 нафари таълимни давом эттирмоқда.

Шунингдек, мактаб-интернатда психолог ўқитувчи етишмаслиги ва болаларнинг тишларини даволовчи врачга эҳтиёж борлиги айтиб ўтилди. Ушбу масалалар жойида ҳал этилди.

Вилоятдаги алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган 123-мактаб-интернати депутатнинг навбатдаги манзили бўлди. Аниқланишича, 2020-2021-ўқув йили давомида “Замин” хайрия фонди ва Халқ таълим вазирлиги томонидан муассасада таҳсил олувчи 194 нафар ўқувчига иккитадан, жами 394 дона замонавий рақамли индивидуал эшитиш аппаратлари топширилган. Яна қатор илғор эшитиш мосламаларидан ташқари мактаб янги замонавий аудиометр аппарати билан жиҳозланган. Умуман олганда, мазкур муассасада шароит ва таълим стандартлари белгиланган талабларга мос.

Бироқ вазият ҳамма жойда ҳам бир хил эмас. Масалан, 24-сон “Нурли маскан” мактаб-интернатида ўқувчилар фойдаланиши учун спорт майдони мавжуд эмас. Ҳукумат қарори билан мактаб-интернатда 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ўқув ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти йўлга қўйилиши керак бўлган. Аммо негадир бу иш ҳам якунига етказилмаган.

Муассаса жамоаси билан суҳбатлар давомида масканда таҳсил олаётган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўқувчиларнинг қизиқишини ҳисоб олган ҳолда, овоз ёзиш студияларини ташкил этиш масаласи кўтарилди. Бундан ташқари, коррекцион машғулотлар ўтказиш учун зарур бўладиган жиҳозлар билан таъминлашда мактаб-интернати йиллик сметасига жиҳозлар учун маблағ ажратиш бўйича ҳам мурожаат қилинди.

Депутат ҳар бир масалани ўрганиб, уларнинг ечими юзасидан ўз фикр-мулоҳзалари ва таклифларини қайд этиб боряпти. Ҳудуддаги ўрганишлар якунида умумий хулосаларга таяниб, масалаларнинг ечими устидан назорат ўрнатилиши режалаштирилган.

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш