Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ёшлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг сиёсий билимларини ошириш мақсадида Нукус шаҳридаги Ёшлар марказида “Депутат ва ёшлар” мавзусида учрашув ўтказилди. Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши, Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, Нукус шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи ҳамда партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари иштирок этди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад, депутатлар ва ёшлар мулоқотини ташкил этиш, ёшларни қонун ижодкорлиги жараёнига кенг қамраб олишдан иборат. Шунингдек, йигит-қизларнинг ташаббус ва таклифларини олиш, сиёсий кўникмаларини ривожлантириш, партия сафига жалб этиш ҳамда партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тушунтириш масалалари қамраб олинган.
Тадбирни партия бўлим бошлиғи Нурлан Кишанов кириш очди. Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар, уларнинг ўз ташаббусини рўёбга чиқариши учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапирди. Шу билан бирга, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилишда партия ташкилотлари ва депутатлар томонидан ёшлар билан ишлаш йўналишида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Айтиш керакки, 2024 йилнинг ўзида партия сафига 6153 нафар ёшлар қабул қилинди. Натижада бугунги кунда партия аъзоларининг умумий сони 60 637 нафарга етди.
Учрашувда Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси Мурат Камалов мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида кенг тушунчалар берди.
Ютуқларга эришаётган ёшлар ҳам тенгдошларига ўз фаолияти ҳақида маълумотлар берди ҳамда имкониятлардан унумли фойдаланиш бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бундан ташқари, партиянинг сайловолди дастурида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Шундан сўнг учрашувда яна бир муҳим масалага эътибор қаратилди. Хусусан, бошланғич партия ташкилотлари депутатлик бирлашмаларининг асосий таянч бўғини сифатида сессия қарорларини, қонунчиликдаги янгиликларни энг аввало бошланғич партия ташкилотида муҳокама қилиш муҳим экани таъкидланди. Таклифлар олиш тажрибасига айлантириш мақсадида партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган масалалар “бошланғич партия ташкилоти-депутатлик гуруҳи-сессия” тизимида муҳокама қилишни йўлга қўйиш бўйича партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия қўмитасининг қабул қилинган қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.
Кун тартибидаги масалалар муҳокамасидан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг “Ёшлар иттифоқи” бошланғич партия ташкилоти тузилди ва унинг раиси этиб Ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгаши бўлим бошлиғи Мийирбек Халмуратов сайланди.
Партия сафига янги қабул қилинган ёшларга аъзолик гувоҳномалари ва эсдалик совғалари топширилди.