Бола ҳуқуқларининг кафолати тараққиётнинг муҳим шартларидан

 

Бола ҳуқуқларини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим стратегик йўналиши саналади. Юртимизда ҳам бу борада муайян чора-тадбирлар йўлга қўйилган. Хусусан, қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ 40 дан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинган. Янги таҳрирдаги Конституциямизга боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги меъёрлар киритилди. Натижада боланинг жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш бўйича кафолатлар кучайтирилди, бу борада давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари кенгайтирилди.

Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2024 йилдаги фаолияти юзасидан маърузаси Ўзбекистон ХДП фракция йиғилишида атрофлича кўриб чиқилди, депутатлар ўз саволлари, таклиф ва муносабатини билдирди.

Жумладан, фракция раҳбари Улуғбек Иноятов Болалар Омбудсмани ўзининг кейинги фаолиятда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга доир механизмларни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини таъкидлади. Бунда болалар ҳуқуқлари ва эркинликларини акс эттирувчи материалларни веб-сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва блоглар орқали тарғиб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастурини белгилаб олиш кераклигига эътибор қаратилди.

Шунингдек, фракция раҳбарига кўра, маърузада келтирилган таклифларнинг айримларида ижтимоий аҳамияти жиҳатидан муҳимроқ бўлган мавзуларга урғу бериш, хусусан, маърузада тавсия этилаётган болалар рақамли саводхонлигини ошириш борасида ташаббуслар амалда мавжуд жараён бўлиб, болаларнинг инклюзив таълим олиш борасида бузилган ҳуқуқларини таъминлаш долзарб аҳамият касб этади .

Депутат Ирина Токарева эса ҳудудларда болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишда минтақавий вакилларнинг ўрни катта эканини билдирди. Депутат уларнинг жамоатчилик асосида фаолият кўрсатаётганини болалар ҳуқуқлари ҳимояси самарадорлигига салбий таъсир кўрсатишини танқид қилди.

Фракция аъзоларининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари асосида маъруза тасдиқланди.

Йиғилишда, шунингдек, ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласига оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Ташаббускорлар биринчи ва иккинчи ўқиш орасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот бергач, лойиҳага моддама-модда муносабат билдирилди.

Депутат Зуҳра Шодиева сўнгги йилларда энергия ресурслари каби, сув ости ресурслари тақчиллиги юзага келаётгани, шу боис, қонуннинг концептуал қисмида ер ости сувларидан ерларни суғориш ва бошқа мақсадларда фойдаланиш кескин ошганини таъкидлади. Бундан ташқари, қудуқларни рухсатсиз бурғулаш ва назоратсиз, ҳисобга олмасдан сувдан фойдаланиш ҳолатлари давом этаётганига урғу берди. Шунинг учун ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш чораларини кучайтиришга доир меъёрларни аниқлаштириш, такомиллаштириш таклифини илгари сурди.

Ташаббускорлар билдирилган таклифни қабул қилди. Моддалардаги аниқлаштирувчи қисмларга ойдинлик киритиладиган бўлди. Шу асосда лойиҳа маъқулланди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш