Келажак меъморлари

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда ана шундай таъриф эгалари бўлган хотин-қизлар учун ташкил этилди. “Янги Ўзбекистон тараққиётида аёлларнинг ўрни: буюк келажак меъморлари” мавзусидаги амалий семинарда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаол ёшлар қатнашди.

Тадбирни Тошкент шаҳар кенгаши раиси Сирожиддин Шоназаров бошқариб борди.

Семинарда дастлаб Сенат аъзоси Малика Қодирхонова "Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги – Янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий омили" мавзусида тақдимот қилди. У ўз сўзида бугун хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш, халқаро майдонда юртимиз аёлларига нисбатан ҳурмат ва эътиборни ошириш борасидаги ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, Сенат фаолиятига оид маълумот берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Мамажонова давлат ва жамият ривожида аёлларнинг ўрни ва ҳуқуқлари масалаларига тўхталиб ўтди. Бу борадаги амалий ишлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Партия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова эса “Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда партиянинг роли: амалий натижалар ва янги ташаббуслар” мавзусидаги тақдимоти билан қатнашди. Амалга оширилган ва амалга оширилиши зарур бўлган жиҳатларга эътибор қаратди.

Бу галги тадбирга савол-жавоб ва иштирокчилар фикрлари якун ясамади. Ташкилотчилар 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тадбир иштирокчиларини табриклаб, совғалар тақдим этди.

 

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш