Сўнгги вақтларда депутат халқ хизматчиси, деган қараш пайдо бўлди. Эътиборли жиҳати, бу амалда ўз исботини топмоқда. Чунки, бугунги кун халқ ноиблари мурожаатлар билан хоналарида ўтириб ишламайди, уларни жойига чиқиб ўрганади.
Ҳар ойнинг учинчи ўн кунлигида ҳудудларда назорат-таҳлил олиб бораётган депутатлар нафақат ўз округида, балки Республикамизнинг турли вилоятларида бўлиб, у ердаги реал ҳаёт билан танишмоқда. Бу эса бир масалага турли нуқтаи назар билан қараш ва ечими юзасидан асосли, самарали таклиф бериш имконини оширмоқда.
Ногиронлиги бўлган шахсларни тинглаймиз!
Нукус шаҳрида 4-сонли ихтисослаштирилган кар ва эшитиш қобилияти заиф болалар мактаб-интернати фаолият олиб боради. Маълум бўлишича, у ердаги барча ўқувчи эшитиш қобилияти диагностикасидан ўтказилган. Олинган натижаларга кўра, 2021 йилда “Замин” халқаро жамоат фонди томонидан мактабга 204 та эшитиш аппарати ажратилган ва кохлеар имплантациялар ўтказилган. Шу йўл билан болалар учун таълим ва ҳаётни идрок этиш сифати сезиларли даражада яхшиланиб, замонавий ФМ-тизимлари, нутқни ривожлантириш учун машғулот ускуналари каби махсус ёрдамчи воситалар билан жиҳозланган.
Сир эмаски, Халқ демократик партияси ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриб келади. Турли даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари эса мазкур йўналишдаги фаолият бўйича назорат-таҳлил ишлари билан шуғулланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Сайёра Имомова ҳам ушбу тартибга амал қилди. Ҳудуддаги махсус мактабга бориб, ўқитувчи ва ўқувчилар билан самимий суҳбат ўтказди, уларнинг қалбидагини тинглади.
Депутатнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистонда алоҳида таълимга эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш, инклюзив таълим тизими учун малакали педагог кадрлар тайёрлаш лозим. Бунинг учун Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида инклюзив таълим методикаси бўйича махсус таълим мутахассислик йўналишини очиш керак, деб ҳисоблайди. Бу эса таълим соҳасини ривожлантирибгина қолмай, мутахассисликлар турини оширади ва келгусида бандликни таъминлашга ҳисса қўшади.
С.Имомова назорат-таҳлилга мўлжалланган сафари чоғида кўплаб ташкилот ва муассасаларда бўлди. Жумладан, Ўзбекистон Карлар жамияти ҳамда Кўзи ожизлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимларининг фаолияти ва ногиронлиги бор шахсларга яратилган шароитлар билан танишди, мурожаатларни қабул қилди.
Қайд этилишича, 2023 йилда Карлар жамиятининг Тўрткўл, Қўнғирот ва Тахтакўпир туманларидаги ҳудудий бўлимлари Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олиниб, гувоҳномалар берилган. Лекин Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан Карлар жамиятининг туман (шаҳар) ҳудудий бўлимларига штат бирликлари ажратилмаган.
Шунингдек, Кўзи ожизлар жамияти Нукус ўқув ишлаб чиқариш корхонасини янгидан қуриш ишлари бошланган бўлиб, бугунги кунда якунига етмасдан тўхтаб қолган. Тўрткўл ўқув ишлаб чиқариш корхонасини тўлиқ янгидан жиҳозлаш ва таъмирлаш зарурати бўлса, Хўжайли ўқув ишлаб чиқариш корхонаси бутунлай янгидан қурилишга муҳтож.
Таъкидландики, корхоналарда кўплаб аҳоли вакиллари ишлайди, оиласини боқади. Шу сабабли ушбу масаланинг ечими жамият аъзолари учун долзарб. Уларни тинглаган депутат ҳар бир мурожаатни ёзиб олди ва ваколати доирасида ҳал этишга ваъда берди.
Ўзбекистон — ёшлар мамлакати
Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 53 мингдан зиёд партия аъзоси бор. Уларнинг 15500 га яқинини ёшлар ташкил қилади. 45 фоиздан зиёди эса хотин-қизлардан иборат. Партия сафида аёллар ва ёшларнинг сафи кенгайиб бораётгани, табиийки, қувонарли.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Имомназар Турсунов вилоятдаги таълим муассасаларида бўлиб ўтган учрашувларда ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратди. Жамиятда хотин-қизлар ва ёшларнинг фаоллиги ошиши бевосита тараққиётга хизмат қилишини таъкидлади.
Хусусан, Қарши давлат университетидаги мулоқот чоғида ёшларга оид давлат сиёсати ҳақида сўз борди. Таъкидландики, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ йигит-қизлар кириб келмоқда. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етади.
Шунингдек, бандлик масалаларида ўзгаришлар катта. Мисол учун, ўтган 8 йилда ёш тадбиркорлар сони 3 карра кўпайиб, улар бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини ташкил этмоқда. Қувонарли жиҳати эса ишсиз ёшлар 2 карра камайди. Бандликни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири йигит-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш бўлса, яна бир устуворлик олий таълим қамровини кенгайтириш билан боғлиқдир. Авваллари битта ўрин учун камида 10 нафар бола кураш олиб борар эди. Қисқа даврда олийгоҳлар сони 3 баробар оширилиб, 42 фоиз ёшлар олий таълимга қамраб олинмоқда.
Депутат ана шу жиҳатларга тўхталар экан, кенг қамровли ислоҳотларни янада жадаллаштириш ёшларга боғлиқ эканини таъкидлади.
Шунингдек, иштирокчиларнинг истакларига кўра, “Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳиятини тушунтирди.
Парламент вакили Қарши тумани “Кат” МФЙда бўлиб, ҳудуддаги сайловчилар билан учрашди. Аҳоли томорқаси ва деҳқон хўжаликларига ижарага берилган ер майдонларидан самарали фойдаланиш ҳолати бўйича мулоқот ўтказилди.
Суҳбат давомида қурилиш соҳасидаги муаммолар, тадбиркорликни ривожлантириш, иш билан таъминлаш ҳамда таълим тизимида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар кўтарилди. Маҳаллий тадбиркорлар бизнесни кенгайтириш учун имтиёзлар ва қўллаб-қувватлаш механизмлари бўйича ўз фикрларини ўртоқлашди.
Шунингдек, хонадонида балиқчилик, қуёнчилик, иссиқхона каби тадбиркорлик билан шуғулланаётган фуқаролар фаолияти ўрганилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли ҳолидан хабар олинди.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.
«Ўзбекистон овози», 5.3.2025, №9