Фракция коррупцияга қарши курашиш бўйича устувор йўналишларни белгилаб олди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, фракция олдида турган устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Фракция раҳбари Улуғбек Иноятов йиғилишда Президентимиз томонидан парламент ва партияларга қўйилган вазифалар устида жиддий, асосли ўрганишлар амалга ошириш зарурлиги, қабул қилинаётган қонунларда коррупцияга қарши курашишга доир янгича ёндашувлар асосида ишлаш кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, йиғилишда тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга енгиллик беришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Зуҳра Шадиева маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги қандай мезонларга асосан тасдиқланиши ва қандай назорат қилиниши ҳақида мутасаддиларга савол билан юзланди. Қонун ташаббускорлари бу масалада республика Маънавият ва маърифат маркази ходимларидан иборат экспертлар жамоаси жалб этилганини билдирди. Депутат холис ва профессионал мутахассислар хулоса бериши зарурлигини, жараёнда мустақил экспертлар иштирок этиши, очиқ, шаффоф тизим шакллантирилиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокамадан ўтказилди.

Фракция аъзоси Иба Наризова юртимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик билан шуғулланиши кенгаяётгани, лекин ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартиби, мезонлари қонунчиликда аниқ белгиланмагани сабабли айрим ғараз ниятли шахслар ишончга кириб, манфаатдорлик пайида бўлаётгани, бундай хабарлар ОАВда чиқиб турганини таъкидлади. Бундай муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш бўйича қонун лойиҳасида таъсир чоралари назарда тутилган-тутилмаганини сўради.

Қонун ташаббускорлари лойиҳада ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олишга, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини оширишга хизмат қиладиган меъёрлар белгилаётганини маълум қилди. Депутатлар бундай ёндашувни қўллаб-қувватлашини қайд этиб, қўшимча мулоҳазаларини ҳам билдиришди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари қонун лойиҳалари юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди. Хусусан, қонун лойиҳалари ҳуқуқий муносабатларни осонлаштириши, ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилиши кераклиги, тўғридан-тўғри ишлаш механизмларига эга бўлиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Якунда фракция аъзолари қонун лойиҳаларини маъқуллаш ҳақида қарор қабул қилди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш