Коррупцияга қарши кураш ижтимоий муаммолар ечимига хизмат қилади
Коррупцияга қарши кураш ижтимоий муаммолар ечимига хизмат қилади

 

Коррупциянинг турли шаклларда намоён бўлиши бутун дунёда нафақат сиёсий-ҳуқуқий, айниқса, ижтимоий муаммолар кўпайишига олиб келади. Мамлакатимизда давлат раҳбари бошчилигида коррупцияга қарши қатъий ва изчил кураш олиб борилаётгани ижтимоий масалаларнинг самарали ҳал этилишига ҳам хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан давлат идораларининг халқимиз олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини янада ошириш йўналишида янги механизмларни жорий этиш, ҳар бир давлат органининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш масалалари партиямиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлаб келинади.

Фракциямиз коррупцияга қарши курашиш фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, давлат идораларининг хизмат сифатини янада такомиллаштириш учун муҳим, деб ҳисоблайди.

Охирги йилларда республикамизнинг барча ҳудудларида фуқароларга ижтимоий-иқтисодий хизматлар кўрсатишда инсон омилининг камайиб бораётгани, бу борада белгиланган янги вазифалар ижроси халқимизнинг ислоҳотларга ишончини янада мустаҳкамлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Камбағалликни қисқартириш, ижтимоий ёрдамларнинг манзиллилигини ошириш, айниқса, субсидиялар ва бошқа ёрдамларнинг коррупцион омиллардан тўлиқ холи бўлиши биз учун принципиал аҳамиятга эга. Бу борада мутасадди вазирлик-идоралар, жойлардаги ижро ҳокимияти рақамли технологиялардан янада самарали фойдаланиши, давлат кўмаги ажратилишида инсон омилини камайтириш, қарор қабул қилиш жараёнларини янада шаффоф қилиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз. Партиямиз фракцияси бу мақсадлар йўлидаги ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр.

Ҳудудларда депутатлик ва парламент назоратининг изчил олиб борилиши ҳам коррупцияга қарши курашишда ўзига хос омил ҳисобланади. Шунинг учун партиямиз электорати манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий масалаларда назорат-таҳлил ишларини кучайтириш талаб этилади. Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимиз билан бирга маҳаллалар даражасига тушиб, инфратузилмага уланиш, имтиёзли кредит ажратиш, ишга қабул қилиш, малака ошириш каби йўналишларда жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтирамиз. Бу ишлар партиямиз электорати вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги масъулиятимизни оширади.

Халқ демократик партияси фракцияси коррупцияга қарши курашиш орқали ижтимоий масалаларни самарали ҳал этиш, жамиятни яхшилаш йўлидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ва барча зарур чора-тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этади.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш