Асосий мақсад – электорат манфаатлари ҳимояси

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида дастлаб “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг ногиронлиги бор шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ фаолияти, ўзаро ҳамкорлик масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги марказларда ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар ва режалар ҳақида ахборот берди.

Фракция аъзоси Қизилгул Қосимова “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари партия электорати манфаатлари ҳимоясини кучайтириш йўлида катта ислоҳот бўлганини таъкидлади, ногиронлиги бор шахсларга олинадиган дори-дармон воситаларининг тендерга қўйилишида кечикишлар кузатилаётгани, хизмат кўрсатишга масъул ходимларнинг маош масаласи юзасидан фикрларини билдирди.

Фракция аъзоси Ирина Токарева Тошкент шаҳри мисолида “ижтимоий карта”ларни олиш, фойдаланиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари етарли даражада эмаслигини қайд этди. Мутасаддилар ушбу масалалар бўйича аниқ маълумотлар етказилишини маълум қилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов марказлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш учун доимий мулоқот зарурлигини, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ижтимоий ҳимоя агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзолаш режалаштирилганини, шунингдек, депутатлар ва агентлик ходимлари биргаликда ўрганишлар ташкил этиши кераклигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда қонун лойиҳалари муҳокама қилинди. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Имомназар Турсунов аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатишда шахсларнинг (оила) иқтисодий ҳолатини аниқлашда муаммолар мавжудлиги, хусусан, ижтимоий ёрдам ёки хизмат олиш учун мурожаат қилган шахснинг (оила) тижорат банкларидаги омонатлари, пул ўтказмалари бўйича (маблағ қабул қилиш ёки жўнатиш) маълумотлари ва ҳисоб рақамларидаги қолдиқ маблағларини ўрганиш эҳтиёжи юзага келаётганини алоҳида таъкидлади.

Мутасаддилар ушбу масалалар ечими назарда тутилаётгани, “ижтимоий карта” тизимини йўлга қўйишга доир янгича ёндашувларга ўтилаётганини таъкидлашди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдирди, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш