Бунёдкорлик ва ҳамкорлик макони
Бунёдкорлик ва ҳамкорлик макони

 

Мамлакатнинг равнақ топиши, халқнинг фаровонлиги қўшни давлатлар ва халқлар билан дўсту ҳамкор бўлиб яшашига узвий боғлиқдир. Айниқса, тарихи, иқтисодиёти, ижтимоий ҳаёти ва анъаналари бир-бирига жуда яқин бўлган Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро ҳамжиҳатлиги минтақада барча соҳалар ривожланиши учун долзарб аҳамиятга эга.

Тожикистонда Ўзбекистон, Қирғизистон ва мезбон давлат раҳбарларининг тарихий шартнома имзоланган уч томонлама учрашуви халқларимиз биродарлигининг яна бир олий ифодаси бўлганини қайд этиш жоиз. Халқларимизнинг қалбини янада яқинлаштирган, яхши қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаган учрашув нафақат эски муаммоларни ҳал қилди, шу билан бирга, янги имкониятлар эшиклари кенг очилишига замин яратди. Баҳор шукуҳи билан йўғрилган улуғ айём кунларидаги самимий учрашув учта давлатдаги каттаю кичик давралардаги суҳбатларнинг асосий мавзусига айлангани ҳаммамизни фахру ифтихорга тўлдирди.

Учрашув давомидаги маърифий-маданий тадбирлар ён қўшни давлатларнинг бир-бирига ишончи ва хайрихоҳлиги янги даражага чиққанини бутун дунёга яна бир намоён этди. Таъкидлаш керакки, жаҳон ҳамжамияти, халқаро ташкилотлар Марказий Осиё давлатларининг ҳамжиҳатлигини фаол қўллаб-қувватламоқда, турли форматларда ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Мустақил ривожланиш тарихимизда илк бор уч мамлакат давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги шартнома имзоланиши халқларимизнинг тинчлик ва биродарлик сари доимий интилиши ифодаси бўлди.

“Бундан буён чегаралар – биродарлик чизиқлари, янги имкониятлар, бунёдкорлик ва ҳамкорлик маконидир”, деди давлатимиз раҳбари. Дарҳақиқат, кейинги йилларда давлатларимиз етакчиларининг юксак сиёсий иродаси, ўзаро бир-бирини тушуниб ҳаракат қилиши кўп йиллик муаммолар самарали ечим топиши йўлида мустаҳкам асос яратиб берди.

Асосийси, давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари халқларимизнинг бир-бирига нисбатан меҳрини юксалтириб келмоқда. Давлатимиз раҳбари уч мамлакат маданият ва санъат усталарининг концертида халқларимизнинг муқаддас тупроғи, дини, тақдири бирлиги, ташвиш-у қувончлари, интилишлари ўхшаш эканини таъкидлади.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома кучга киргани, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳам стратегик ҳамкорлик ривожланаётгани ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тубдан кенгайишига хизмат қилади.

Азалдан халқларимизнинг турмуш тарзи, иқтисодиёти ўхшаш бўлган ва бир-бирига боғлиқ бўлиб келган. Чегараларнинг эмин-эркинлиги, келишув ва англашувларнинг барқарорлиги давлатларимизнинг ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларига янги қувват ва шижоат қўшишига шубҳа йўқ. Барқарор даромад манбалари кенгаяди, янги иш ўринлари кўпаяди. Халқларимиз ўртасидаги борди-келди муносабатларининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани ижтимоий масалаларда ҳам янги натижаларни намоён қилади.

Уч томонлама учрашув доирасидаги музокараларда ишбилармонлик ва маданий алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиш, тўғридан-тўғри парвозлар сонини кўпайтириш, чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишларини йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилгани қайд этилди. Халқларимизнинг давлатлар ўртасида бемалол ҳаракатланиши, ҳаёт ва фаолиятни ўзаро уйғунликда режалаштириши бутун Марказий Осиё минтақасининг юксалишини таъминлайди.

Халқларимизнинг бунёдкорлик қудрати билан бир-бирига талпиниши ён қўшни давлатларнинг иқтисодий қудрати ошишига ҳам муҳим кафолат бўлади. Тожикистон ва Қирғизистон давлатларининг миллий парламентлари билан Ўзбекистон парламенти ўртасида изчил демократик мулоқот муҳити ривожланиб бораётгани ҳамкорлигимизнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ўзига хос ҳисса қўшмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, Халқ демократик партиясининг ташқи сиёсат билан боғлиқ позициясида Марказий Осиё давлатлари билан стратегик ҳамкорликни ривожлантириб бориш энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шунинг учун биз бу борадаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаймиз, уларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилишида фаол иштирок этишга интиламиз.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш