Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида ҳамкор ташкилотлар билан бирга “Имконияти чексиз аёллар” кенг қамровли форумини ўтказди.
Форумни партия Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб берди. Таъкидландики, мамлакатимизда кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида муносиб иштирок этишини қўллаб-қувватлаш, ҳар томонлама тўсиқсиз муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, муҳим ижтимоий масалалар, айниқса, ногиронлиги бўлган аёлларимизнинг кундалик ҳаётидаги айрим тўсиқлар ҳамон ўз ечимини кутмоқда. Партия етакчисининг қайд этишича, ишга жойлашишдаги тўсиқлар ҳам долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Иш берувчилар орасида ҳанузгача ногиронлиги бўлган аёлларни ишга қабул қилишга нисбатан эҳтиёткор муносабат сақланиб турибди. Бу эса аёлларнинг иқтисодий мустақиллиги ва ижтимоий фаоллигига жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, таълим ва касб-ҳунарга қайта тайёрлаш имкониятлари ҳали етарлича йўлга қўйилмаган. Айниқса, қишлоқ жойларда яшовчи ногиронлиги бўлган аёллар учун махсус курслар, инклюзив таълим дастурлари ёки онлайн платформалардан фойдаланиш имкони чекланган. Бугунги рақамли замонда бу каби чекловлар уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишини қийинлаштирмоқда.
Халқ демократик партияси ушбу муаммоларни нафақат муҳокама қилиш, балки ҳар бир соҳада аниқ амалий ечимлар таклиф этиш зарур, деб ҳисоблайди.
Хусусан, партия жамоатчилик ва экспертлар иштирокида қонунчиликни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳарсозлик ва транспорт объектларида инфратузилмани мослаштириш, жумладан, темир йўл вокзаллари, аэропорт ва шоҳбекатларда кўзи ожизлар учун электрон эшитиш мосламалари, овозли светофорлар ва огоҳлантирувчи электрон қурилмаларни жорий этиш юзасидан хорижий тажриба ўрганилиб, аниқ таклифлар тайёрланмоқда.
Форумда партия ижтимоий заиф қатламлар, жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар учун арзон уй-жойлар қурилишини кенгайтириш тарафдори экани таъкидланди. Бу борада партия дастурида “Ижтимоий турар жойлар тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш, ногиронлиги бўлган аёллар, оғир ижтимоий аҳволдаги оилалар, болалар уйи битирувчилари учун турар жойлар барпо этиш масаласи белгиланганига алоҳида урғу берилди.
Форумда Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси Малика Қодирхонова опа-сингилларимизнинг ҳаётини янада яхшилаш йўлидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш орқали фаолликни ошириш, опа-сингилларимизнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш жамиятимизда долзарб вазифа экани таъкидланди.
Форумда иштирокчилар ҳам фикр-мулоҳазаларини билдириб, ногиронлиги бўлган тадбиркор аёллар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Шундан сўнг ногиронлиги бор хотин-қизлар учун мавжуд грантлар, лойиҳалар ва иш ўринлари бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Форум доирасида аёллар томонидан яратилган маҳсулотлар ва ижод намуналарининг аукциони, шахсий ўсиш, касбий ривожланиш, ижтимоий кўникмалар, тадбиркорлик, стрессни бошқариш масалаларига бағишланган мотивацион мастер-класслар ҳам жуда қизғин ўтди.
Ижтимоий, иқтисодий ва касбий ривожланишга қаратилган масалалар муҳокама қилиниб, ногиронлиги бўлган аёлларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Форум якунида ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг меҳнати, ижтимоий ва профессионал соҳалардаги ютуқларини эътироф этиш мақсадида тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ушбу форум доирасидаги кенг қамровли тадбирлар интилувчан опа-сингилларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Халқ демократик партияси учун устувор аҳамиятга эга эканининг амалий ифодаси бўлди.