Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Лойиҳа орқали Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш, унинг вакиллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир нафар қўмита раиси ва икки нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши, ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Лойиҳадаги нормалар мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтириш орқали қонун ижодкорлиги ва парламент назорати самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Фракция раҳбари У.Иноятовнинг фикрига кўра, қонун лойиҳаси сиёсий партиялар фракцияларининг ташаббускорлик ҳуқуқи кафолатини мустаҳкамлашда, электорат манфаатлари ҳимояси нуқтаи назаридан позиция билдириш имкониятларини кенгайтиришда катта аҳамият касб этади.
Депутатларнинг таъкидлашича, янги ҳуқуқлар сиёсий партиялар фракцияларининг фаоллиги ошиши, парламент қуйи палатасида конструктив мулоқот муҳити ривожланиши учун ҳам замин яратади. Юқоридагиларга асосан қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланди.
Фракция йиғилишида бошқа қонун лойиҳалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг мустақил республика ижро этувчи ҳокимият органи сифатида Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказилгани билан боғлиқ расмий номни мувофиқлаштиришга оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинди. Фракция аъзолари агросаноатни ривожлантириш, тизимда ечимини кутаётган масалалар, соҳада янгича ёндашувлар жорий этиш ҳақида ўз фикр-мулоҳаза ва таклифларини ҳам билдиришди.
Фракция йиғилишида барча қонун лойиҳалари Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига асосан кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.