Маълумки, қонунчиликка асосан ҳар ойнинг охирги ҳафтасида Олий Мажлис Қонунчилкик палатаси депутатлари сайлов округларида фаолият олиб боради.
Бу галги сайловчилар билан учрашувлар, ўрганишлар, тарғибот ҳамда назорат таҳлил тадбирлари самарали кечмоқда.
Дастлаб, 42-Сурхондарё сайлов округи ҳудудидаги Денов туманида барпо этилаётган Минтақавий болалар шифохонаси ҳамда Сина ҳудудий туғруқ бўлими биноларининг қурилиш жараёнлари билан танишиб пудратчи, лойиҳачи, буюртма берувчи билан суҳбат ўтказилди. Қурилишни ўз муддатида ва сифатли тарзда амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди. Сўнг, тумандаги “Лочин” маҳалласида жойлашган “Қақажонлар” МТТ тасарруфидаги ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган кундузги парваришлаш гуруҳи фаолияти билан танишилди. Суҳбат асносида ногиронлиги бор болаларни ота-оналари ушбу имкониятни яратиб берганлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорликларини билдиришди. Эътиборлиси, яна учта мактабгача таълим ташкилотида шу каби гуруҳлар ташкил этилган. Туманнинг чекка ҳудудларида ҳам худди шундай гуруҳлар ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Денов тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида маҳалларда фаолият олиб бораётган ижтимоий ходимлар билан учрашувда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунлар мазмун-моҳияти билан батафсил таништирилди, айрим тавсиялар берилди. Шунингдек, бир қатор таклифлар олинди.
Тумандаги “Ўзгариш”, “Ободон” маҳаллалари, 38 ва 43-сонли умумтаълим мактаблари, 22-сонли оилавий поликлиникада “маҳалла еттилиги”, маҳалла фаоллари ва шифокорлар билан сайёр учрашувларда маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда «ижтимоий профилактика» тизимини тўғри ташкил этиш, тўй-ҳашам, маърака ва маросимларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳамда қабул қилинган қонунлар ҳамда Қонунчилик палатасида муҳокамада бўлган қонун лойиҳалари бўйича тарғибот ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, аҳоли муаммолари ўрганилди, таклифлар олинди.
Денов туманидаги Халқ қабулхонаси биносида фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилди. Қабул жараёнида 15 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, ижросини таъминлаш юзасидан бевосита масъуллар белгиланди ва айримлари бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Туман кадастр агентлигида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси ҳолати ўрганилди, мурожаат қилиб келган фуқаролар билан мулоқот қилинди.
Шунингдек, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурининг йўналишлар ва маҳаллалар кесимида ижро этилиши, ногиронлиги бўлган шахсларга тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича ҳолатлар ўрганилди.
Ўрганилган масалаларнинг ижро этилиши устидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Округда учрашувлар давом этмоқда.
Фирдавс Шарипов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.