Партия фракцияси Давлат бюджети ижроси бўйича таклифлар берди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2024 йилдаги ҳамда 2025 йил биринчи чоракдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот кўриб чиқилди.

Йиғилишда дунёдаги мураккаб вазият, кутилмаган иқтисодий ва молиявий қийинчиликларга қарамасдан, ҳукумат томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани, умумий ижтимоий барқарорлик таъминланаётгани қайд этилди.

2024 йилда Давлат бюджетининг даромадлари 274,4 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ошган. Ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 153,2 трлн. сўм ёки умумий харажатларнинг 49 фоизи сарфланган.

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш учун давлат бюджетининг 12 фоизи сарфланиб, 720 мингга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Бу натижалар Халқ демократик партияси электорати манфаатлари таъминланишида долзарб ижтимоий аҳамиятга эга экани билдирилди.

Депутатлар ҳисоботда вазирлик ва идоралар томонидан маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмагани, самарасиз ишлатилаётгани, нотўғри ажратилган субсидиялар мавжудлиги, имтиёзлар ноўрин ажратилганини таъкидлаб, уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар берди.

Йиғилишда фракция аъзоси Ф.Шарипов аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринлари яратишга қаратилган дастурларни молиялаштиришда янада аниқ механизимлар ишлаб чиқиш зарурлиги, кам даромадли оилалар учун уй-жой масаласини ҳал этишда давлат жамғармалари иштирокини кучайтириш лозимлигини билдириди.

Шу билан бирга, депутат И.Турсунов ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашга қаратилган харажатлар самарадорлигини ошириш бўйича ўзининг таклиф ва тавсияларини берди.

Ҳисобот муҳокамаси давомида депутатлар давлат бюджети ижросини назорат қилиш, унда аҳоли манфаатларини тўла акс эттириш масалалари ҳақида фикрлар билдириб, Давлат бюджети ижроси ҳақидаги ҳисоботларни маъқуллади.

Кун тартибига киритилган масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш