
Бугун дунё ҳамжамияти катта зиддиятлар билан юзма-юз келмоқда. Бу глобал хавфсизликка таҳдидлар, кучли иқтисодий тебранишлар, йирик геосиёсий тортишувлар фонида давлатларнинг барқарор сиёсий, иқтисодий, ижтимоий-маъданий муносабатларига жиддий салбий таъсир қилмоқда.
Шундай мураккаб даврда Ўзбекистон очиқ ва прогматик ташқи сиёсат юритиб, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида дадил қадам ташламоқда. Шубҳасиз, IV Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳам шундай қадамлардан бири.
Форумда халқаро молия ташкилотлари билан янгича ишлаш тизимига ўтилгани, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўтган йили Ўзбекистонга рекорд миқдорда – 1 миллиард долларга яқин инвестиция киритгани қайд этилиб, Ўзбекистон ушбу банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорига айлангани эътироф этилди.
Киритилаётган ҳар бир инвестиция мамлакатимиз иқтисодий тараққиётини мустаҳкамлашга, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши кундай равшан. Эътиборлиси, бу бир йиллик рақамлар. Шу нуқтаи назардан олиб қарасак, жорий йилги Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳам келажакда юртимизга катта миқдорда инвестиция оқимини олиб келади, десак муболаға бўлмайди.
Аҳамиятлиси, сўнги икки йилда мамлакатимизда чет эл капитали иштирокидаги 5,5 мингта янги корхона ташкил этилган. Бу минглаб янги иш ўринлари дегани. Яъни минг-минглаб фуқароларимиз янги даромад манбаига эга бўлганини, оилалар фаровонлиги таъминланаётганини англатади. Доимий даромадга эга, турмуши фаровон фуқаролар эса мамлакат тараққиётида муҳим омил вазифасини бажариб беради.
Учрашувларда хорижий корхоналар билан гаплашилиб 40 дан зиёд ташаббуслар саралаб олингани айтиб ўтилди. Жумладан, сармоядорлар солиқ қонунчилиги барқарорлигини таъминлаш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни кўпайтириш каби таклифлар билдирилган.
Таъкидлаш лозимки, миллий қонунчилигимизни такомиллаштириш ҳозирги давр талаби. Биз бу талабга лаббай, деб жавоб беришимиз керак. Чунки, дунё ҳамжамияти билан барқарор мустаҳкам алоқаларни ўрнатаётган, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш остонасида турган мамлакат учун миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Бу жараён биз депутатларнинг ҳам зиммасига улкан масъулият юклайди. Зеро, дунё мувозанати янги давр ва ўзгаришлар остонасида турган шундай муҳим паллада барқарор ривожланиш ва жаҳон ҳамжамияти олдида муносиб ўрнимизга эга бўлишимиз учун ҳар биримиз ўз вазифамизни сидқи дилдан адо этишимиз лозим.
Бир сўз билан айтганда, Тошкент халқаро инвестиция форуми жаҳон миқёсидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қиладиган улкан платформа бўлиб дунёга юз очмоқда.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси раҳбари.