Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида “Долзарб 90 кун” тадбирлари доирасида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, профилактика ва мақсадли даволаш ишларини жойларда ташкил этишга катта эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда бугун институт ректори, профессор, Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши депутати Ш.Тешаев бошчилигидаги тиббиёт соҳаси мутахассислари Ғиждувон туманида бўлиб, аҳоли билан сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабул жараёнида мурожаат қилган фуқаролар учун Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти клиникасида имтиёзли даволаниш имконияти яратилди. Бу орқали институт нафақат таълим, балки амалий тиббиёт соҳасида ҳам халқ хизматида эканини амалда намоён этди.
Шунингдек, Ғиждувон туманидаги мусиқа мактаби биносида ҳам кенг қамровли тиббий кўриклар ташкил этилди. Уларда институтнинг 40 нафардан ортиқ малакали мутахассислари, профессор ва шифокорлар фаол иштирок этди.
Тадбирларда нафақат соғлиқни сақлаш, балки жамиятда тиббий маданиятни шакллантиришга доир муҳим масалалар юзасидан жойлардаги муаммолар эшитилиб, тегишли ечимлар ишлаб чиқилиши маълум қилинди.
Бундай ташаббуслар жамиятда профилактик назоратга эътиборни кучайтириш, эрта ташхис қўйиш ва аҳоли орасида тиббий хабардорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Аҳоли мазкур тадбирларга чуқур миннатдорлик изҳор этиб, бундай эзгу ва фойдали ташаббусларнинг мунтазам ўтказилишини қўллаб-қувватлашларини мамнуният билан таъкидлашди.