Дала четлари ҳақидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда маъқулланмади

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида 7 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Дастлаб “Озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокамадан ўтказилди.

Қайд этиш керакки, мазкур йўналишдаги амалдаги қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини таъминлашдаги замонавий талабларга, ЖСТнинг санитария-фитосанитария чораларини қўллаш тўғрисидаги келишуви тамойилларига жавоб бермайди. Шунинг учун қонунчиликни такомиллаштиришга, бошқача айтганда, янгилашга зарурат бор эди. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлигини таъминлашнинг халқаро талабларини жорий этиш, ваколатли органларнинг вазифаларини аниқ белгилаш лозим.

Янги қонун лойиҳаси 5 боб 44 моддадан иборат бўлиб, аҳоли учун қулай яшаш шароитларни яратишга, уларни хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга йўналтирилган. Қонун лойиҳасининг ижтимоий аҳамияти юқори экани, Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига хизмат қилиши, шунингдек, уни тайёрлаш жараёнида фракциямиз аъзолари фаол иштирок этгани ҳисобга олиниб, лойиҳа қўллаб-қувватланди.

Мажлисда “Дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасига биринчи ўқишда фракциямиз томонидан эътирозлар билдирилган эди. Шуларни ҳисобга олиб, лойиҳа ижодкорлари иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бир қатор ўзгаришлар киритди.

Жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг дала четларидаги каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш белгиланган майдонларида ҳар йили 1 майга қадар экин экилмаган тақдирда мазкур ер участкасининг экин экилмаган қисми учун ер солиғи ставкаси уч баравар миқдорда оширилган ҳолда ҳисобланиши белгилаб қўйилмоқда. Ваҳоланки, биринчи ўқишга кирган таҳрирда муддат 1 апрелгача, ер солиғи эса ернинг экин экилмаган қисми учун эмас, балки бутун қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлари учун уч баравар солиққа тортиш кўзда тутилган эди.

Муҳокамалар узоқ давом этди. Фракциямиз аъзолари иккинчи ўқишгача киритилган ўзгартиришлар етарли эмас, деган фикр билдиришди. Қонун лойиҳасининг рағбатлантириш эмас, асосан жазолашга йўналтирилганлиги, амалдаги муҳим меъёрий ҳужжатларга зид жиҳатлари ҳали ҳам борлиги қайд этилди. Якунда фракция аъзоларининг кўпчилиги қонун лойиҳасини маъқулламай овоз берди.

Халқ демократик партияси фракцияси ҳар бир қонун лойиҳаси юзасидан ўз позициясини билдирди. Халқ манфаатларига хизмат қиладиган, ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ташаббуслар қўллаб-қувватланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш