
Бугун биз яшаб турган сиёсий муҳитда халқ партиялардан шунчаки шиор ва баландпарвоз гаплар эмас, аниқ ҳаракат ҳамда натижа кутяпти. Айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун партиямиз – бу сўз эмас, умид, таянч ва ечим манбаи бўлиши зарур.
Шу нуқтаи назардан, партия кенгашлари ўз вазифасини қайта кўриб чиқиши, фақат маърузалар ёки йиғилишлар ташкил қиладиган эмас, балки жойларда муаммони аниқлайдиган, таҳлил қиладиган ва ечимига кўмаклашувчи амалий иш юритиши талаб этилади. Бунинг учун партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган бир нечта жиҳатларни санаб ўтмоқчиман.
Бугун одамлар турмуш тарзи, даромади, хизматлар сифатининг яхшиланишини, бунда эса партиянинг амалий ёрдамини ҳис қилишни истайди. Шунинг учун кенгашлар ҳаракат қилувчи, таъсир кўрсатувчи марказ бўлиши талаб этилади.
Айни пайтда, аҳоли муаммоси ҳақида гапириш эмас, уни ҳал этиш учун механизмни таклиф қилиш муҳим. Шу боис партиянинг ҳудудий кенгашлари танқид ва таҳлил қилиши, ташаббуслар таклиф этиши, жамоатчилик билан ишлайдиган таъсирчан органга айланиши кўзланган мақсадларга янада яқинлаштиради. Хусусан, муаммоларни аниқлаш-таҳлил қилиш-ечим ишлаб чиқиш-жамоатчиликка етказиш занжири амал қилиши даркор. Бу аҳолига кўпроқ ёқади ва манфаатли бўлади.
Жамиятдаги муаммоларга муносабат билдириш керак, дейилади. Албатта, муносабат билдириши керак, лекин бу билан чекланмасдан депутатлик назорати ва бошқа таъсир қилиш механизмларининг ишлаши долзарблик касб этади.
Самарадорликка эришишнинг яна бир йўли сайлов округини партия учун жонли мулоқот майдонига айлантириш орқали амалга ошади. Муҳими, бу фақат расмий учрашувлар билан чекланмасдан, аҳоли дардини эшитиш, муаммоларни илдизи билан аниқлаш ва ечим таклиф этиш жараёнига айланишида, деб ҳисоблайман.
Мисол учун, 2025 йилнинг биринчи ярмида вилоятимизда 452 дан зиёд фуқаро билан сайёр қабуллар ўтказилди, 1702 та мурожаат қабул қилинди, уларнинг 89 фоизга яқини ижобий ҳал этилди. Бу рақамлар ижобий, аммо халқ ишончи ва кутилаётган натижага эришиш учун етарли эмас. Биз ҳар бир округни партия ҳаётининг асосий нуқтасига айлантиришимиз шарт.
Энди мухолифат масаласига тўхталмоқчиман. Сир эмаски, парламентдаги партиямиз фракцияси ушбу тамойилнинг амалий ифодасини намоён қилмоқда. Жойларда ҳам партия кенгашлари ва депутатлик бирлашмалари туман ва шаҳар ҳокимияти қарорларини таҳлил қилиши, ижро органлари мансабдор шахсларининг эшитувларини ўтказиши, депутатлар орқали муаммоларни кун тартибига кўтариши лозим. Ана шунда партиянинг ҳақиқий позицияси, кучи ва ташаббуслари намоён бўлади.
Партиянинг қанчалик кучли бўлиши эса фақат марказдаги қарорларга эмас, жойлардаги партия ташкилотлари қандай ҳаракат қилаётганига боғлиқдир. Агар кенгашлар халққа яқин бўлса, партия ҳам халққа яқинлашади. Кенгашлар муаммоларга ечим топса, партияга ишонч ортади. Демак, партия кенгашлари ўзгаришининг, хусусан, сиёсий намоёнкорликдан – амалий таъсирга, пассив кузатувдан – фаол иштирокка, ташаббускорликка ўтиш вақти келди. Фақат шундагина партиямиз ҳақиқий ижтимоий кучга айланади.
Зулфия ТЎЙЕВА,
ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси.
«Ўзбекистон овози», 23.7.2025, №29