Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутати Шуҳрат Тешаев томонидан Пешку туманидаги Алишер Навоий маҳалласида сайёр қабул ўтказилди. Қабул давомида маҳалла аҳолиси билан юзма-юз мулоқот қилиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Сайёр қабул доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган аҳоли вакиллари учун бепул тиббий кўрик ҳам ташкил этилди. Кенгайтирилган тиббий кўрикда Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти клиникасининг 20 нафарга яқин профессор-ўқитувчилари ҳамда малакали шифокорлари ўтказишди.
Терапевт, невропатолог, кардиолог, педиатр каби йўналишлардаги шифокорлар томонидан 250 нафарга яқин маҳалла фуқаролари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, бир қатор беморларга зарур тавсиялар ва бепул даволаниш учун йўлланмалар тақдим этилди.
Партиямиз томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, профилактик тадбирларни кенгайтириш ва тиббий маданиятни юксалтириш мақсадида бундай ташаббуслар узлуксиз давом эттириб келинмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.