Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг 2025 йилги фаолияти якунлари ва жорий йил учун асосий вазифалар юзасидан брифинги ўтказилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси сўл қанот сиёсий куч сифатида мамлакатимизда кучли ижтимоий сиёсат юритилиши, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги таъминланиши, эҳтиёжманд фуқаролар ҳимояланиши ва қўллаб-қувватланиши, ҳар бир инсон таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, муносиб меҳнат қилиб, барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун интилади.
Парламент Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ана шу сиёсий позициядан келиб чиқиб, юртимиздаги кенг қамровли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этишни мақсад қилган.
Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан партия сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш борасида, ижтимоий соҳага доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, сайловчилар билан мулоқотни кучайтириш, жойларда фуқароларни ўйлантириб келаётган тизимли муаммоларни таҳлил қилиб бориш, ижро органлари фаолияти устидан парламент назоратини ўрнатиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Ҳисобот даврида қонунлар муҳокамаларида муқобил таклифлар бериш, партия электорати овозини парламент ва ҳукуматга етказиш, мамлакатда кучли ижтимоий сиёсатни изчил давом эттириш, ҳукумат томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётган Давлат дастурлари ва Бюджет лойиҳасининг тасдиқланиши ва ижроси таъминланиши ҳамда қонун лойиҳаларининг электорат манфаатларига тўғридан-тўғри хизмат қилишига эришиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу йўналишлар бўйича Ўзбекистон ХДП фракциясининг конструктив позицияси фракциямиз мажлисларида, Қонунчилик палатасининг Ялпи мажлисларида, шунингдек, албатта, оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда кенг эълон қилиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида жорий йилдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Ушбу Мурожаатнома нафақат келгуси йил учун ҳаракатлар дастури, балки Янги Ўзбекистонда шаклланаётган ижтимоий давлат моделининг аниқ концептуал ифодаси сифатида ҳам аҳамиятли бўлиб, ундаги ғоялар амалга ошишини фракциямиз тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Мурожаатномада белгиланган ижтимоий масалалар, аввало, инсон ҳаётининг энг асосий соҳаларини қамраб олади. Бандлик, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маҳалланинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, асосийси, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш. Буларнинг барчаси партиямизнинг, фракциямизнинг сиёсий мақсадлари билан ҳамоҳанг. Шу нуқтаи назардан фракциямиз ислоҳотларнинг натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда бевосита иштирок этади.
Брифинг сўнггида фракциямиз Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига эришиш, электорат манфаатларини изчил ҳимоя қилиш йўлида сўл қанот партия фракцияси сифатида парламентда ўзининг сиёсий позициясини қатъий билдириб бориши маълум қилинди.