Давлатимиз раҳбари раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг манзилли, тизимли ва жавобгарликка асосланган янги босқичга кўтарилаётганини яққол кўрсатди.
Аввало, 2025 йил якунлари бўйича келтирилган макроиқтисодий кўрсаткичлар — ялпи ички маҳсулотнинг 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард доллардан ошгани, инфляциянинг пасайиши, инвестиция ва экспорт ҳажмларининг сезиларли ўсиши — ислоҳотлар тўғри йўналишда олиб борилаётганини тасдиқлайди. Муҳими, ушбу иқтисодий ўсиш камбағаллик даражасининг 8,9 фоиздан 5,8 фоизга, ишсизликнинг эса 4,8 фоизгача пасайиши билан ижтимоий натижага айланмоқда.
Шу билан бирга, Президентимиз томонидан билдирилган танқидий фикрлар ижро интизоми, масъулият ва маҳаллада ишлаш сифати масалалари ҳануз долзарб эканини кўрсатди. Айниқса, “маҳалла еттилиги”, ҳокимлар ва банк тизими фаолиятида натижа учун шахсий жавобгарликни кучайтириш талаби жуда ўринлидир. Чунки ислоҳотнинг самараси айнан маҳаллада — ишсиз фуқаро ва камбағал оила қолдими-йўқми, шу ерда намоён бўлади.
2026 йилни “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши давлат сиёсатининг марказига маҳаллани қўяётганининг амалий ифодасидир. 70 та “оғир” туман ва 1 мингта “оғир” маҳаллага асосий ресурсларни йўналтириш, инфратузилмани яхшилаш учун салмоқли маблағ ажратиш орқали камбағалликни яна 3 фоизга қисқартириш мақсади аниқ ва ҳисоб-китобли режага таянади.
Айниқса, ҳудудларни “солиштирма устунлик” асосида ривожлантириш, саноат зоналари ва кластерлар ташкил этиш, маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш — иш ўрни яратишнинг энг барқарор ва узоқ муддатли ечимидир. Қуёш электр станцияларини маҳаллаларга актив сифатида бериш, “яшил” даромад орқали ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ташаббуси эса иқтисодий самара билан бирга экологик барқарорликни ҳам таъминлайди.
Бандлик даражасини ошириш парламент назоратини янада кучайтиришни тақозо этади. Хусусан, ажратилаётган катта маблағларнинг манзилли сарфланиши бўйича ҳукуматнинг парламент олдида, ҳокимликларнинг маҳаллий кенгашлар олдида ҳисобдорлигини амалда таъминлаш ҳар биримиздан қатъият талаб қилади. Халқ вакиллари сифатида ҳар бир ислоҳотнинг маҳаллада қандай ўзгариш берганини сўрашимиз, таҳлил қилиб, жамоатчиликка очиқ етказишимиз шарт. Айниқса, Халқ демократик партияси учун камбағалликни қисқартириш, бандлик ва иш ўринлари каби ҳаётий масалалар ўта долзарб аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижтимоий давлат тамойилларига тўла мос бўлиб, “давлат — инсон учун” ғоясини маҳаллада ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.
Энди асосий масала — қарорлар қоғозда қолиб кетмасдан, ҳар бир хонадон ҳаётида реал натижа беришига эришишдир. Бу эса барчамиздан — ижро ҳокимиятидан ҳам, парламентдан ҳам, маҳаллий кенгашлардан ҳам юқори масъулият ва ҳамжиҳатликни талаб қилади.
Анваржон Нурматов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
ЎзХДП фракцияси аъзоси.