Фарғона вилоятидаги мактабларнинг ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиена инфратузилмаси муҳокама қилинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси жамият ҳаётидаги ҳар бир ижтимоий масалага жиддий эътибор қаратгани сингари мактаблардаги ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиеник ҳолатни яхшилаш бўйича аниқ позицияга эга.

Айниқса, “Янги Ўзбекистон 2030” стратегиясида шу масалада аниқ кўрсаткичларга эришиш белгилангани партиянинг дастурий мақсадларига ҳар томонлама мос келади. Таълим ташкилотларида фарзандларимиз қандай шароитда таълим-тарбия олаётгани аҳолининг барча тоифаси учун катта аҳамиятга эгадир.

Партиянинг халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги депутатлари йил бошидан бери Қўқон шаҳри, Бешариқ, Бағдод, Бувайда, Данғара, Риштон, Ўзбекистон ҳамда Фурқат туманларидаги умумий ўрта таълим муассасаларида ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиена инфратузилмаси ҳолати ҳамда сув манбалари, уларнинг ишлаш барқарорлигини ўрганди.

Ўрганиш натижаларига кўра, жамоатчилик фаоллари, масъул идоралар вакиллари, мутасадди ташкилотлар иштирокида жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда вилоятда 955 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, шундан 852 таси лойиҳа асосида, 103 таси мослаштирилган бино-иншоотда фаолият олиб боради. Мавжуд 955 та муассасаларнинг 280 таси марказий ва 675 таси маҳаллий оқава сув тармоқларига уланган.

Йиғилишда ўрганишлар давомида аниқланган айрим таълим муассасаларида ичимлик суви таъминотидаги носозлик ва узилишлар танқидий муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан 2025 йил давомида ўтказилган текширишлар давомида аниқланган қонун бузилишлари бўйича 905 та масъулларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланиб, 34 марта мактабгача ва мактаб таълими бўлимларига тақдимномалар киритилган.

Жамоатчилик эшитувида тизимдаги муаммоли масалалар манзили бўйича алоҳида-алоҳида муҳокама қилиниб, мутахассислар ва депутатлар томонидан атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси болаларнинг саломатлиги ва гигиеник нуқтаи назардан хавфсизлигини ўйлаб, мактаб бинолари ичида ўқувчилар учун доимий тоза ичимлик суви билан таъминлаш тизимини ташкил этиш, хусусан, сув куллерларини ўрнатиш зарур, деб ҳисоблайди. Бунда мактаб биноларининг белгиланган жойларига (қаватлар, коридорлар ёки ошхона яқинига) ичимлик суви куллерларини ўрнатиш ўқувчиларнинг соғлиғини сақлаш, таълим сифатини ошириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилади.

Йиғилишда мактаблардаги тоза ичимлик суви таъминоти ва санитария-гигиена инфратузилмасини ташкил этишга масъул ташкилотлар раҳбарларининг ахборотлари тингланди. Халқ депутатлари Маҳаллий Кенгашлардаги Халқ демократик партияси депутатлари мутасаддиларга камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда ишлашни таклиф қилди. Мактабларда болаларга, айниқса, қиш кунларида қулай шароит яратиш учун қатъий чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш