Андижонда битирувчилар ишга жойлаша оляптими?

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакат ижтимоий ҳаётига дахлдор ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратади. Бунда аҳоли бандлиги, ижтимоий хизматлар, кам таъминланган, ногиронлиги бор ва эҳтиёжманд инсонларга яратилаётган шарт-шароитлар доимий равишда партия томонидан ўрганилиб, мавжуд имконият ва камчиликлар масъуллар ва соҳа экспертлари иштирокида таҳлил қилиб борилади.

Жумладан, Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи томонидан мутахассисликка эга бўлган олий маълумотли ёшларнинг иш билан таъминланиши, меҳнат бозори талабларига мос касбларга йўналтирилиши ва улар учун яратилган шароитлар ўрганилиб, партия гуруҳи йиғилишида муҳокама қилинди.

Маълумотларга кўра, вилоятда давлат олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлашга жиддий эътибор қаратилган. Рақамлар битирувчиларнинг бандлик даражасида барқарор ўсиш тенденциясини кўрсатмоқда. Бунда давлат олий таълим муассасаларининг 80 фоиздан ортиқ битирувчилари бандлиги таъминланган.

Вилоятда 2024-2025 ўқув йилида олий таълимни тугатган ёшларнинг бандлиги таҳлил қилинди. Масалан, Андижон давлат тиббиёт институтини жами 2012 нафар битирувчи тугатган бўлса, ундан 1825 нафари, яъни 91 фоизи, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини тугатган 1478 нафар битирувчидан 1242 нафари, яъни 84 фоизи, Андижон давлат чет тиллар институтининг 808 нафар битирувчисидан 720 нафари, яъни 89 фоизи доимий яшаш жойи бўйича иш билан таъминланган.

Бугунги кунда вилоятда битирувчиларни ишга жойлаштиришда давлат сектори устуворлик қилса-да, хусусий сектор ва ўз-ўзини банд қилиш улуши ҳам ортиб бормоқда. Лекин, шу билан бирга, норасмий бандлик даражаси тахминан 15 фоизни ташкил этмоқда. Бунга асосий сабаб кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, расмий иш ўринларининг чекланганлиги, шунингдек, меҳнат шартномаларининг расмийлаштирилмаслиги ҳолатлари кўрсатилган.

Вилоятда битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш учун ОТМлар ҳузуридаги Карьера марказлари ва бўш иш ўринлари ярмаркалари доимий ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида 8 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилиб, уларда 1120 нафар битирувчи иштирок этган, натижада ёшларнинг 764 нафари, яъни 68 фоизи ишга жойлашиш имконига эга бўлган.

Таҳлилларга кўра, ёшлар бандлигига тўсқинлик қилувчи омиллар ҳам институционал, ҳам ижтимоий характерда бўлиб, улар кадрлар сифати ва меҳнат бозори шаффофлиги билан боғлиқ. Битирувчиларнинг 43 фоизида иш тажрибаси етишмаслиги асосий муаммо сифатида кўрсатилган. Бундан ташқари, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар олишда шаффофликнинг йўқлиги, ягона порталнинг мавжуд эмаслиги ва иш берувчиларнинг ташаббуссизлиги ҳам асосий омиллардан бири, деб қаралмоқда.

Йиғилишда олий таълим муассасаларидаги талабаларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш йўлида тизимли ишлар йўлга қўйилгани қайд этилди. Шу билан бирга, муаммо ва камчиликларни бартараф этишда масъуллар билан ҳамкорликда ҳаракат қилинса, малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни иш билан таъминлаш борасида янада каттароқ натижаларга эришиш мумкинлиги таъкидланди.

Халқ демократик партияси депутатлари битирувчиларнинг бандлиги ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлик даражасини ошириш, бу борада мониторинг жараёнларини кучайтириш, меҳнат ярмаркаларини ўтказишда расмиятчилик ҳолатларига чек қўйиш, ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш тенденциясини кенгайтириш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мулоқот якунида ўрганиш натижалари, олиб борилган таҳлилларга таяниб, доимий мониторингни амалга ошириш бўйича партия гуруҳининг қарори қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш