ЎзХДП фракцияси раҳбарининг ҳудудлардаги учрашувлари давом этмоқда

 

Аввал хабар берилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов ҳудудларда ўрганиш ишларини амалга оширмоқда, маҳаллаларда учрашувлар ўтказиб, аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказмоқда.

ЎзХДП Қорақалпоғистон республика кенгаши мутасаддилари, депутатлар билан бирга Беруний туманида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти атрофлича ўрганилмоқда. Хусусан, “Райхон Аппарель” текстил фабрикаси фаолияти билан яқиндан танишилди.

Бугунги кунда мазкур фабрикада 450 нафар хотин-қизлар ишлайди. Фабрика илғор замонавий технологиялар билан жиҳозланган. У ерда ишлаб чиқарилган тайёр трикотаж маҳсулотлари хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

У.Иноятов корхонада ишчилар учун яратилган шароит билан танишиб, хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Суҳбат давомида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқ демократик партияси ҳар бир фуқаронинг барқарор даромад манбаига эга бўлиши, айниқса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш устувор вазифа эканлиги таъкидланди.

Фракция раҳбари ишлаб чиқариш корхоналари ҳудудларда янги иш ўринлари яратиш, оилалар фаровонлигини ошириш ва ижтимоий барқарорлик тамойилларини мустаҳкамлашда муҳим эканини қайд этди.

У.Иноятов, шунингдек, Халқ демократик партиясининг Қорақалпоғистон республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари аъзолари, партиянинг ҳудудий ташкилотлари мутасаддилари билан учрашди.

Мулоқотда партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ижроси танқидий таҳлил қилиниб, депутатлик бирлашмалари фаолиятини янада самарали олиб бориш, жойларда электорат вакилларини ўйлантираётган ижтимоий масалаларни ўрганиш, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Олдинда турган муҳим вазифалар ҳақида ўзаро эркин мулоқот асосида фикр алмашилди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш